Давлат раҳбарлари учун нега легитимлик муҳим?

Давлат раҳбарлари учун нега легитимлик муҳим?

Белорус президенти Александр Лукашенко сайлов жараёнида

Нима сабабдан давлат раҳбарлари, ҳукумат раислари учун юқори легитимлик муҳим? Чунки давлат ва ҳукумат раҳбарларига легитимлик – эркинлик, эркин фикрлаш ва эркин ҳаракат қилиш имкониятини беради. Легитимлик – халқнинг ҳурмати, ишончи, эътирофи ва муҳаббатини англатади. Легитимлик қанчалик юқори бўлса, сиёсатчи ички ва ташқи сиёсатда шунчалик эркин ва мустақил бўлади. Ҳар қандай ички инқирозни бемалол енгиб ўта олади. Ҳар қандай ташқи босимларни халққа суяниб, жамиятнинг сўзлари, мурожаатлари орқали жунбишга келтириш йўли билан енгиб ўта олади.

Биргина мисол: 2016 йилда ҳарбийлар томонидан қуршовга олинган Эрдоған халққа Youtube орқали мурожаат қилиб, уларни кўчаларга чиқара олган эди. Сиёсатда, легитимлик бобида, кўчаларни тўлдирган халқ талабидан кўра юқорироқ далил ва аргумент йўқ.

Бугун Белоруссияда Лукашенко техник жиҳатидан ғолиб бўлсада, сиёсий кампанияни тўлиқ ютқазиб қўйди. Гарчи у босимлар орқали ҳокимиятини сақлаб қола олсада, белорус жамиятида янги консенсус шаклланди – Лукашенко ҳокимияти мутлақ нолегитим ва ноқонуний. Шу маънода, Белоруссияда энди ҳар қандай пайт кутилмаган жойдан кутилмаган оммавий норозиликлар пайдо бўлаверади. Бундан кейин Лукашенко ниҳоятда заиф сиёсатчи — у ички сиёсатда куч ишлатар тизимлардан, ташқи сиёсатда қудратли қўшниларидан мустақил бўлолмайди. Чунки энди у ўз халқи билан курашиш учун ташқи омиллар билан келишиб яшашга мажбур.

Ўзбекистон иккинчи маъмуриятининг легитимлиги – Ўзбекистон халқининг мулки. Чунки, ҳокимияти ва халқи курашиб вақт ўтказаётган миллат, вақтни ва фурсатни ютқазаётган миллат ҳисобланади. Ҳокимият жамиятни эшита олса, ва жамият ҳам ўз ҳокимиятини қадрласа – бу, ташқи ва ички босимларга тўйинган глобаллашув даврда, катта ютуқ ҳисобланади.

Иккинчи маъмуриятнинг легитимлик захиралари мавжуд. Лекин бугунги вазифа – ушбу захираларни ишлатиш эмас, бу захираларни парваришлаш, кўпайтириш, мустаҳкамлаш ҳисобланади. Бунинг учун маъмурият янги лойиҳаларга, ҳамкорликларга ва янгича сиёсий ёндашувларга ўч бўлиши керак.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.