Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Давлат тадбири меҳмонларини овқатлантиришга 1,4 млрд сўм сарфлангани маълум бўлди. Хизматлар «Akfa Dream World» томонидан кўрсатилган
24.11.2020 21:28,  
656

2020 йил 24 январда Тошкент шаҳрида ташкил этилган давлат тадбирига таклиф этилганларни овқатлантириш учун қарийб 1,5 миллиард сўм харажат қилинган. Хизматлар «Akfa Dream World» МЧЖ томонидан кўрсатилган.

Kun.uz нашрининг ёзишича, жорий йилнинг 24 январ куни «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги «Congress Hall» мажмуасида бўлиб ўтган давлат тадбирини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 1 миллиард 768 миллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда ҳукуматнинг шу йилнинг 1 май куни имзоланган тегишли фармойишида маълумот берилган.

Тадбирга ташриф буюрганларни овқатлантириш ишига «Akfa Dream World» МЧЖ масъул бўлган. Бу ҳақдаги маълумот буюртмачи Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ижрочи «Akfa dream world» МЧЖ ўртасида тузилган шартномада акс этган. Шартномага мувофиқ, 24 январ куни 800 кишининг «Ballroom»да тушлик қилишига 447 миллион 174 минг сўм, «Шош»да 400 кишининг тушлиги учун 223 миллион 587 минг сўм, «Тошкент 2-3-4»даги 110 кишилик тушликка 61 миллион 486 минг 425 сўм сарфланиши назарда тутилганҲар бир шахснинг битта тушлиги 558 минг 967 сўмдан ҳисобланган.

Бундан ташқари, шу куни 100 киши учун «Фойе»даги нонуштага 7,7 миллион харажат қилиниши маълум қилинган. 24 январ куни «Congress Hall» залида ҳам тушлик ташкил қилинган бўлиб, унга 250 нафар киши таклиф қилинган. Зал ижара ҳақи (374 миллион 556 минг сўм) ва тушлик (ҳар бир шахс учун 1,53 миллион сўм) учун 757 миллион 652 минг сўм тўланиши шартномада кўрсатилганди.

Бажарилган ишлар актига кўра, кўрсатилган хизматлар 1 миллиард 302 миллион 260 минг сўмни, қўшилган қиймат солиғи 195 миллион 339 минг сўмни ташкил этган.

Маълумот учун, «Akfa Dream World» МЧЖ 2017 йил 6 декабр куни ташкил этилган компания бўлиб, иқтисодий фаолияти турларининг умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) кўра, моторли транспорт воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Компания таъсисчилари ва уларнинг устав фонддаги улуши ҳақидаги очиқ маълумотлар базасида бир нафар жисмоний шахс (Баҳодир Абдуллаев 43,5 фоиз улуш билан) ҳамда 3та компания («Wide Tent System» 26,8 фоиз, «Asia Electron» 15,1 фоиз ва «Perfect Plast Profil» 14,6 фоиз) кўрсатилган. Компанияга айни пайтда Жамшид Абидов раҳбарлик қилади.

2020 йил 2 июн ҳолатига кўра, компания таъсисчилари ва устав фондда улушга эга субъектлар қаторида 24,1 фоиз билан «Techno Continental» компанияси ҳам мавжуд эди. Ўз навбатида, мазкур компания устав фондидаги 62,5 фоиз улуш «Artel Electronics»га тегишли.

Kun.uz ушбу тадбирнинг харажатларига оид айрим саволлар билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан боғланди. Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур нуфузли тадбир ўтказилиши бўйича ҳукумат томонидан тегишли қарорлар қабул қилинган бўлиб, ташкилий масалаларда Тошкент шаҳар ҳокимлигига маълум топшириқлар белгиланган ва вазифалар юклатилган.

«Хусусан, тантанали тадбирнинг ўтказилиш манзили сифатида «Tashkent city» ҳудудидаги «Hilton» — «Конгресс ҳолл» кўрсатилган. Табиийки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги шартномани объект мулкдори бўлган «AKFA Dream World» компанияси билан тузган», дейилади ҳокимликнинг мазкур масала юзасидан билдирган расмий муносабатида.

Бундан аввалроқ Davletovuz канали Тошкент шаҳридаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳалар буюртмачиси, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан пойтахтда турли иншоотларни қуриш, инфратузилма йўл ва коммунал тармоқлар барпо этиш, таъмирлаш каби буюртмалар тўғридан тўғри, асосан ҳукумат ҳужжатлари билан хусусий компанияларга тақдим этилгани ҳақида ёзган, унда айрим шартномаларда манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳам кўринишига эътибор қаратилганди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан