Давлат тест маркази мандатни эълон қилиш нега кечикаётганига изоҳ берди

Давлат тест маркази мандатни эълон қилиш нега кечикаётганига изоҳ берди

Маълумки, олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари 2 сентябрдан 13 сентябргача, ҳудудга киришда тана ҳарорати 37°C дан юқори бўлган ҳамда тест синови ўтказиладиган кунда коронавирус инфекцияси билан касалланган абитуриентлар учун қўшимча тест синовлари 17 сентябрь куни ўтказилди.

Бунда, абитуриентларнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумотлар тест синови ўтказилган куннинг эртасига abitur.dtm.uz сайти орқали эълон қилиб борилди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Давлат тест маркази томонидан барча абитуриентларнинг тест синовида тўплаган натижалари бўйича ишлар якунига етган.

Лекин жорий йилда кўплаб имтиёзлар (ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, ИИВ органи ходимлари фарзандлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси, хотин-қизлар ва Сўх тумани учун ажратилган қўшимча қабул кўрсаткичлари ва бошқалар) ҳам тест синовлари орқали талабаликка қабул қилинадиган таълим йўналишларига, ҳам касбий (ижодий) имтиҳон орқали қабул қилинадиган таълим йўналишларига татбиқ этилаётганлиги ҳамда касбий (ижодий) имтиҳонлар 20 сентябрга қадар давом этганлиги сабабли, танлов натижаларини ҳисоблаш ишлари энди якунланмоқда.

Ҳозирда барча олий таълим муассасаларидан касбий (ижодий) имтиҳон натижалари ягона базага йиғилмоқда ва бу натижалар тест синовлари натижалари билан бирга ҳисобланмоқда.

Мазкур жараён якунига етгач, абитуриентларнинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.