Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Давлат тили ҳақидаги қонун қанчалик ижро қилинмоқда?
21.10.2019 18:28,  
389

Бугун Ўзбекистон бўйлаб давлат тилининг 30 йиллиги кенг нишонланяпти. Бундай тадбирлар 30 йилдан бери ҳар йили ўтказилади. Улар ўзбек тилининг давлат тили ҳақидаги мақомини мустаҳкамлашга қанчалик ҳисса қўшди?

Бу саволнинг жавобини давлат тилига оид қонуннинг ижросидан қидирамиз. Яъни, қонун қанчалик ижро қилинмоқда?

Ишламайдиган моддалар

8-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилинади ва эълон этилади. Бу ҳужжатларнинг таржималари бошқа тилларда ҳам эълон қилинади.

Амалда: Ўзбекистоннинг кўплаб қонунлари, қонуности ҳужжатлари, давлат идоралари ёзишмалари, дастлаб, рус тилида ёзилади, қабул қилинади ва эълон қилинади. Шундан сўнг давлат тилига таржима қилинади. Таржима қилинмаган, фақат рус тилида эълон қилинганлари ҳам кўп!

9-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланади.

Амалда: Давлат идораларида рус тилида иш юритилиши одатий ҳолга айланган. Заруриятга қараб, ўзбек тилида юритилади; акс ҳолда, кўплаб идораларда рус тили де факто асосий иш тили ҳисобланади.

10-модда. Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Амалда: Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида ёзишмалар, ҳужжатлар, фуқароларга бериладиган маълумотномалар, ариза бланкалари рус тилида бўлиши одатий ҳолга айланган. Ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган идора бугун Ўзбекистонда бўлмаса керак. Шундай бўлган тақдирда ҳам, қонун бўйича, давлат тили билан биргаликда бошқа тилларда иш юритишга рухсат берилган. Амалда эса давлат тилида иш юритишни талаб қилган тақдирингиздагина сизга ўзбек тилида хизмат кўрсатишлари мумкин, акс ҳолда, қўлингизга рус тилидаги бланкани тутқазишади.

20-модда. Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.

Амалда: Нархномалар, лавҳалар, эълонлар фақат рус тилида эълон қилиниши ҳолатлари жуда кўп.

24-модда. Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади.

Амалда: Давлат тилида иш юритмаётган давлат идоралари ёки расмийларининг бу хатти-ҳаракати давлат тилини менсимаслик ҳисобланадими? Менимча, бу нарса менсимасликдан ҳам оғирроқ хатти-ҳаракат. Чунки қонун бузиляпти!

Адлия вазирлигининг Телеграм каналида хабар берилишича, давлат тилини менсимаслик 223 минг сўмдан 446 минг сўмгача жаримага тортилишга сабаб бўлар экан. Кам эмасми?

Хулоса

Қонунни бузганлар учун қандай жазо чоралари белгиланган? Қонун ижросини ким назорат қилади? Прокуратура қаерга қараяпти?

Давлат тилининг 30 йиллиги нишонланаётган бугунги кунда, аввало, 30 ёшга тўлган мана шу қонун қандай ижро қилинаётганини кўриб чиқишса яхшироқ бўларди. Балки қонунни тўлиқ ижрога киритиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида тадбирлар ўтказиш керакдир?

Яна бир гап: 1940 йилда ўзбек тили лотин ёзувидан кирилл ёзувига Сталин буйруғи билан бир кечада ўтказилган эди. Мустақил Ўзбекистон эса 25 йилдан бери (1993 йил лотин ёзувига ўтиш ҳақида қонун қабул қилинган) кириллдан лотин ёзувига ўта олмаяпти. Бундан ҳам ёмони, лотин ёзувини ислоҳ қилишга оид кенгашнинг сўнгги тавсияларида лотин алифбосини ўзбек тилига эмас, балки кирилл ёзувига мослашга уринилган. Бу мантиқсизликдан бошқа нарса эмас!

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан