Давлат харидларида товарларни танлаш чекланади

Давлат харидларида товарларни танлаш чекланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси коронавирус глобал пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш, сотув бозорларининг қисқариши оқибатида иқтисодиётнинг қатор тармоқ ва соҳаларидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаоллигини чекловчи омилларни қисқартиришга қаратилган. 

Norma’нинг ёзишича, қарор билан:

Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, чет эл юридик ва жисмоний шахслари томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга (ишларга, хизматларга) преференциялар бериш тартиби тўғрисидаги низом;

Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатини (жами 302 номдаги) тасдиқлаш режалаштирилмоқда.
 
Қарор президентнинг 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4812-сон қарорини амалга ошириш доирасида тайёрланмоқда.
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.