Денгиз сатҳидан 3500 метр: Арашан кўлларига саёҳат

Денгиз сатҳидан 3500 метр: Арашан кўлларига саёҳат

Ҳар сафар Қамчиқ довонидан ўтарканман, водийдан келганда йўлдаги масжидга етмасдан қатор тизилиб турган Ниваларни кўриб, шу томонда қизиқроқ жойлар бўлса керак деб хаёл қилардим. Давлат экология қўмитаси Арашан кўлларига медиа-турга таклиф қилгандан кейин ўша гўзал табиат гўшасига йўл шу ердан бошланишини билиб олдим.

Чотқол тизмаларида, денгиз сатҳидан 2700-3400 метр баландликда жойлашган Арашан кўлларини забт этиш осон эмас. Лекин ушбу гўзалликни ўз кўзингиз билан кўрганингиздан сўнг, Ўзбекистонда бу ерни албатта кўриш керак экан деган хаёлга келишингиз аниқ.

Давлат экология қўмитаси БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликдаги “Биологик хилма-хилликнинг глобал турлари учун муҳим бўлган асосий тоғ ҳудудларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” лойиҳаси доирасида 2020 йил 9 июль куни Наманган вилояти ҳудудида жойлашган Арашан кўллар тизимига медиа-тур ташкил этди.

Тошкентдан сахар соат 5:00 да йўлга чиқдик. Водийга кетадиган А373 йўли бўйлаб, 132 километр юрилса, Қамчиқ довонидаги йўл бўйидаги масжиддан ўтиб, чап тарафда Эртош қишлоғи келади. Қишлоққа кириш жойида ФВВ бўлими ва ҳарбий қисм мавжуд. Шу ердан 4х4 Нивалар сизни тоғ йўли бўйлаб манзилга етказади.

Шу ердан Ниваларга ўтириб, Чотқол тоғ тизмасига кўтарилишни бошладик. Олдинда бизни 56 километрлик нотекис тоғ йўли кутмоқда.

Эртош қишлоғилик маҳаллий ҳайдовчининг айтишича, қишлоқдан кўлларгача бир машина 450 000 - 500 000 сўм эвазига сизни олиб бориб, кечгача ўша ерда кутиб, қайтиб олиб тушиб қўяди. Бир машинада ўртача 3 киши ўтирса, бир кишига бориш-келиш тахминан 150 000 сўмдан тушади. Бу йил карантин бўлгани учун келувчилар кам бўлибди.

Эртош қишлоғи сўнгги йилларда водийдан келиб дам олувчилар учун севимли маскан бўлиб қолган. Сой бўйидаги дарахтзорлар орасидаги сўлим қишлоқ ёзда меҳмонлар билан гавжум бўлади. “Ўтган йили водийдан жуда кўп меҳмон келди. Қишлоғимизда 400 оила яшайди. Деярли ҳамма ўз уйига меҳмон қўйди. Бу йил карантин бўлгани учун қишлоқ оқсоқоли билан маслаҳатлашиб, уйга меҳмон қўймасликка қарор қилдик”, дейди ҳайдовчимиз. Ётоқ, сўри, овқат қилиш учун ва машина қўйиш учун жойни ўз ичига олган бу хизмат учун кунига киши бошидан 15000 сўмдан олишаркан (болалардан олинмайди).

Эртош қишлоғига кирмасдан чап томонга юрилса, тоғ йўли бўйлаб Арашанга борилади. Тоғ йўлининг инжиқлиги сабаб кўлларгача 56 километрлик масофа 3,5-4 соатда босиб ўтилади.

Тоғ йўлининг манзараси баҳри дилингизни очади. Ёз ўртаси бўлишига қарамай атроф кўм-кўк, чечаклар очилган. Бу ерга баҳор-ёз мавсумида асаларичи ва чўпонлар келиб, ўтов (палатка) тикиб чорваларини боқишаркан. “Данғарадан келдим. 100 бош қўй, 30 мол ва 10 бош отим бор. Бу ерларда ўт яхши бўлади. Августнинг охирига уйна қайтамиз”, дейди чорвадорлардан бири.

Тоғ ҳайвонларга ҳам бой. Йўл бўйи турли қушлар навосидан баҳраманд бўласиз. Атрофда  кўкимтир юмронқозиқ югуриб юради. Осмонда эса унинг кушандаси бургут мағрур қанот қоқади. Чўпонларнинг айтишича, баъзида кечаси тоғдан бўри тушиб, қўйларга ҳужум қилиб тураркан. Чорвадорлар шунинг учун ҳам доим бўрибосар итлар сақлайдилар. Тоғнинг юқори қисмида айиқ ва кийикларни ҳам кўришибди.

Арашан кўлларига етмасдан денгиз сатҳидан 2800 метр баландликда олтингугурт-водородли геотермал булоқ мавжуд бўлиб, сувининг ҳарорати йил бўйи 36.7 градус бўлади. Бу ерга ташриф буюрувчи маҳаллий зиёратчиларнинг аксарияти шу булоқда чўмилиш учун асосан водий вилоятларидан келади. Булоқ атрофида 7-8 тача палаткани кўрдим. Айтишларича, булоқнинг суви тери ва ошқозон-ичак касалликлари учун даво экан.

Булоқ ёқасида 2х4 метрлик иккита ҳовуз мавжуд. Ҳовуз чуқурлиги 60 см. Булоқдан сув чиқиб, ҳовуз суви доимий янгиланиб туради.

Булоқдан юқорироқда тоғ эчкиси шохи билан безатилган тош қабр мавжуд бўлиб, сўфий Арашан бобонинг  мозори дея талқин қилинади. Лекин тарихда Арашан бобо деб номланган сўфий ўтгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Қирғизистоннинг Чуй вилояти, Аламудин туманида, Бишкек шаҳри жанубида ҳам Арашан деб номланган қишлоқ бор. Дарвоқе, Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев шу қишлоқда туғилган. Талас вилоятида ҳам Арашан номли қишлоқ мавжуд.

Шунингдек, биз кетаётган Поп туманидаги Арашандан 1000 километр узоқликда, Иссиқкўлнинг шарқий қирғоғидан 28 км, Қирғизистоннинг Каракол шаҳридан 10 километр шарқда Алтин Арашан (Олтин булоқ) дарёси ва дараси бор. Қизиқ жиҳати бу ерда ҳам денгиз сатҳидан 2600 метр баландликда иссиқ булоқлар мавжуд. Олтингугурт-водородли булоқнинг доимий ҳарорати 41 С ни ташкил этади. Попдагидан фарқли ўлароқ, бу ерда курорт ташкил этилган.

Ўзбекистон Фанлар академияси аъзоси, турколог-профессор Константин Юдахиннинг (1890-1975) ёзилишича, “Арашан” сўзи санскрит тилидан уйғурчага ўзлашиб, “шифобахш булоқ, қайнар булоқ” маъноларини англатади. Шунингдек, “арашанлаш” қирғизчада қайнатиш маъносида ҳам ишлатиларкан. Демак, Ўзбекистон ва Қирғизистондаги Арашанларнинг маъноси иссиқ булоқ билан алоқадордир.

Иссиқ булоқдан 500 метрча наридан Арашан кўллар тизими бошланади. Улар орасида энг кичиги — Хўжа Арашан. Бу кўл иссиқ мавсум бошланиши билан қурий бошлайди. Ҳозирда суви бор. Чўпонлардан бири кўл соҳилига 100 бошча қўйини олиб келибди.

Арашан кўллар тизимига 6 та кўл киради: Арашан (Узункўл), Хўжа Арашан, Кичик Арашан, Юқори Арашан ва иккита музли кўл. Уларнинг барчаси дарё типидаги юқори тоғли кўллар бўлиб, 2774 метрдан 3365 метр баландликкача жойлашган.

Хўжа Арашаннинг қаршисида, денгиз сатҳидан 2770 метр баландликда Арашан (Катта Арашан) кўли жойлашган. Кўлнинг узунлиги 1 километрга етади, энг кенг жойи 250 метр. Машинамиз кўлнинг саёз жойидан нариги қирғоққа олиб ўтди. Бу ер машиналар кела оладиган сўнгги манзил экан.

Кўлнинг рўпарасида катта шағал уюми бор. Оппоқ қум-шағаллардан ташкил топган уюмни илк кўришда муз деб ўйлабман. У улкан сел ёки қор кўчиши натижасида ҳосил бўлган.

Кўл водийси жуда баҳаво, доим майин шабада эсиб туради. Кўм-кўк ўтлоқда ҳали қори эримаган тоғлар ва Чотқол водийсига қараб кўнглингиз ёришади.

Шу ердан юқорига озроқ чиқилса, денгиз сатҳидан 2880 метр баландликдаги Кичик Арашан кўлига борилади. Кўл тўғри тўртбурчак шаклга эга — худди одамлар атайлаб текислаб чиққанга ўхшайди.

Кичик Арашандан ўнглаб юрсангиз қаршингизда баланд чўққи ва кўм-кўк ўтлоқ чиқади. Кичик дарё ҳам бор. Тоғдаги муз сувлари эриб, тошлар орасидан филтрланиб чиққани учун дарё суви жуда шаффоф. Ичиб маза қиласиз. Лекин жуда муздай, 15 секунддан ортиб тутиб туриш қийин.

Сўқмоқ бўйлаб бироз тепага юрсангиз, Юқори Арашанга етасиз.  Денгиз сатҳидан 2795 метр баландда жойлашган ушбу кўлнинг ҳажми пастдаги Катта Арашан билан деярли тенг.

Шу ерда гидимиз билан ажрашдик. Гид Юқоридаги музли кўлга қандай етиб боришимизни тушунтирди: “шу баланд тоғдан ошсангиз, бир тепалик келади, кўл шунинг орқасида. Боришга 1,5-2 соат кетади”, деди.

Завқ-шавқ билан музликлар орасидаги кўл томон кўтарила бошладик. Қаршимиздаги тоғ шағалли бўлгани учун чиқиш хавфли. Айланиб ўтишга қарор қилдик. Тоғнинг у тарафи жуда гўзал. Альп ўтлоқлари бўйлаб, аста кўтарила бошладик. Гид айтган тоғнинг тепасига ҳам етиб келдик. Бу ердан 4 та кўл: Хўжа Арашан, Арашан (Узункўл), Кичик Арашан, Юқори Арашан кўллари кафтдек намоён бўлади. Чотқол водийси кенгликлари билан гўзал манзарага гувоҳ бўласиз. Тоғ чўққиси яқинидаги музли кўлларгача боролмасангиз ҳам, албатта, шу ерга чиқинг. Бу манзара узоқ йиллар кўз ўнгингиздан кетмайди.

Гидимиз тепалик дегани чўққининг бир қисми экан. Тикка тоғ тошлари орасидан амаллаб нисбатан нишаб йўлга тушиб олдик. Олдимизда тоғ чўққиси турибди. Йўлдаги қорлар ҳали эримабди. Ниҳоят чўққига чиқдиму, барча чарчоқларим ариб кетди. Қўлимдаги ақлли соат денгиз сатҳидан 3500 метр баландликни кўрсатмоқда. Шабада. Ҳарорат 10 даража атрофида. Қор нафаси димоғингизга урилади.

Чўққидан пастроқда, 3365 метр баландликда иккита музли кўл қўзингизни қамаштиради. Кўлнинг ўнг тарафидаги музлик ҳали эримаган. Кўлнинг ярми ҳали ҳам муз билан қопланган.

Яратганнинг гўзал яратиқлари қаршисида лол бўлиб, анча туриб қолдим... Дунё кенг, дунё гўзал. Яна бир санъатини кўрсатганига шукр!

* * *

Тошкентга қайтарканмиз, йўлнинг водийга кетадиган тарафи то пойтахтгача тирбанд эканини кўрдик. Водийликлар Тошкентдан чиқиб кетмоқда. Дарвоқе, 10 июлдан яна 20 кунлик кучайтирилган карантин. Ўзингизни асранг!


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.