Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Депутат пластик карточкадаги пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўлов масаласини кўтарди
25.11.2020 13:23,  
512

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари ҳам иштирок этган муҳокамалар жараёнида «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Полвонов ҳукумат аъзолари эътиборини фуқаролар ойлик маошлари ҳамда унга тенглаштирилган тўловларни банкоматлар орқали нақдлаштирганда 1 фоиз ҳисобида банк хизмати тўлови ушлаб қолинаётгани билан боғлиқ масалага қаратган.

Депутат бугунги кунда аҳолининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар деярли тўлиқ ҳажмда пластик карточкаларга ўтказиб берилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда эса, пластик карточкалардаги пул маблағлари нақд пул шаклига тенглаштирилгани, лекин тижорат банклари томонидан аҳолининг пластик карточкаларини банкоматлар орқали нақдлаштиришда 1 фоиз миқдорида комиссия тўлови ушлаб қолинаётгани ҳақида гапирган.

Агар аҳолининг 10 фоизи бир ойда банкоматлар орқали ўртача 1 миллион сўмдан пул маблағларини нақдлаштирса, ойига 30 млрд сўм, йилига эса 350 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари банклар ҳисобига ушлаб қолиниши мисол тариқасида келтириб ўтилган.

«Ваҳоланки, банклар фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка биноан, пластик карталардаги пулларни нақдлаштириш жараёнида максимал даражада 1 фоизгача банк хизмати ушлаб қолиш белгиланган. Нега айнан бугунги кунда максимал даражадаги 1 фоиз ушлаб қолинмоқда?», дея савол билан юзланган депутат.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурматов бунга жавобан мазкур амалиёт тижорат банкларининг аҳолига банкомат хизматларини кўрсатишдаги харажатларини қоплаш учун жорий этилганини маълум қилиб, депутатнинг эътирози Марказий банк ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилишини айтган.

Шунингдек, депутат томонидан кўтарилган масалага бош вазир Абдулла Арипов ҳам ўз муносабатини билдирган. У мазкур масала қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилиши ҳамда 1 фоизлик устама тўлақонли олиб ташланмаган тақдирда ҳам енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан