Депутат Тошкент вилояти ҳокимини судга берганини даъво қилмоқда. Ҳокимлик изоҳ берди

Депутат Тошкент вилояти ҳокимини судга берганини даъво қилмоқда. Ҳокимлик изоҳ берди

Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши раиси Феруза Бабашева (ижтимоий тармоқлардаги тахаллуси Аслзода Жўрабековна) ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Тошкент вилояти ҳокимини судга берганлиги ва суд мажлиси 5 август куни соат 11:00 да бўлиб ўтиши тўғрисида пост қолдирган. Ушбу хабарга вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати изоҳ берди.

«Гап шундаки, партия Марказий Кенгаши судга мурожаат этиб, Нурафшон шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ҳамда шаҳар ҳокимининг 2018 йил 5 мартдаги 79-сонли қарорининг партияга тегишли бўлган 1184,08 кв. метр майдондан иборат бўлган мулкка нисбатан қисмини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Шу тақлид даъвогар томон (партия) Нурафшон шаҳар ҳокимлиги устидан судга даъво аризаси киритган. Бироқ депутат Ф. Бабашева эса ўз фейсбук саҳифасида Тошкент вилояти ҳокимини судга берганлигини таъкидлаб, бу орқали ёлғон маълумот тарқатган ва кенг жамоатчилик орасида вилоят ҳокимининг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик ва жамиятдаги обрўсига путур етказувчи фикрлар билдирилишига замин яратган.

Тўғри, Ўзбекистон қонунчилиги бўйича депутатларга кўпгина ҳуқуқ ва ваколатлар берилган. Бироқ бу ҳуқуқларни амалга ошириш бошқаларнинг ҳуқуқлари поймол бўлиши эвазига бўлмаслиги керак.

Вилоят ҳокими - Президент вакили.

Шахс сифатида кимдир кимнидир ҳурмат қилиши ёки қилмаслиги ҳар бир фуқаронинг шахсий иши. Бироқ, мавжуд нормаларга кўра нафақат мансабдор шахснинг, балки, ҳар бир фуқаронинг обрўси, шаънига путур етказувчи материал тарқатиш учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтамиз», дейилади муносабатда.