Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ёрмамат Холиёров Тошкент метрополитенида ҳали ҳам жетонлардан фойдаланилаётганини танқид қилди.
"Масалан, бугун бутун дунёда электрон тўловлар тизими кенг қўлланиляпти. Ҳаттоки, мобиль смартфонларга ўрнатиладиган дастурлар орқали NFC тўлов тизимлари жорий этилмоқда. Бугунги кунда алоқасиз тўлов тизими Лондон, Прага, Сингапур, Киев ва Санкт-Петербург каби дунёнинг кўплаб шаҳарларида ишлайди.
Тошкент метрополитенида эса, ҳали-ҳануз жетонлардан фойдаланилаётгани бу каби масалаларга етарлича эътибор қаратилмаётгани, эскича қарашлардан воз кеча олмаётганимизнинг яққол далилидир" дейди депутат.
Шунингдек, депутат дунёнинг кўплаб давлатлари аэропортларида қўлланилаб келаётган ҳаракатланувчи йўлаклар (траволатор), йўловчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган поезд ва платформа ўртасига ўрнатилган “электрон ҳаракатланувчи тўсиқ”лар каби янгиликларни бизнинг метрополитен раҳбарияти ҳам ўйлаб кўрса ёмон бўлмасди, дея таъкидлади.