Депутатлар ва Ўзавтомоторс ишида янги ўйинчи: Алишер Қодиров ЎзЛиДеПни айбдор сифатида кўряпти

Депутатлар ва Ўзавтомоторс ишида янги ўйинчи: Алишер Қодиров ЎзЛиДеПни айбдор сифатида кўряпти

Фото: Spot Alisher Qodirov / Telegram

Аввалроқ бир гуруҳ депутатлар “Ўзавтомоторс” компанияси устидан Монополияга қарши кураш қўмитасига депутатлик сўрови киритган эди. Қўмита халқ вакилларининг сўровини ўрганиб чиқиб, монопол компания нархларни асоссиз оширганини тасдиқлаган эди. Бу ҳақда сўров юборган депутатлардан бири Дониёр Ғаниев маълум қилди. Ғаниевга кўра, автомобиллар нархлари 3 млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширилгани аниқланди. 

Ушбу хабардан бир кун ўтгач, 20 август куни Ўзавтомоторс "автомобиллар нархини тушириш имконсизлигини", компания ўзининг судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланишни режалаштиргани ҳақида хабар берди. 

UZAUTOMOTORS ишида жиноят аломатларига баҳо бериш бўйича Бош прокурорга депутатлик сўрови киритилди

Бугун, 24 август куни "Миллий тикланиш" демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров ушбу воқеаларга муносабат билдирди: 

“Ўзавтомоторс”нинг ягона акциядори “Ўзавтосаноат”. “Ўзавтосаноат”ни ягона акциядори Ҳукумат. Ҳукумат сайловларда энг кўп овоз олган ЎзЛиДеПнинг тавсияси билан шаклланган..."

Алишер Қодиров хабарининг биринчи хатбошисини ўқиб наҳотки "Қодиров машиналар қимматлиги сабабини Uzautomotors'дан эмас, ҳукуматдан сўрашни тавсия қилаётган ёки ўзи четдан келтирилаётган автомобилларга давлат божини пасайтириш (бутунлай олиб ташлаш)ни талаб қилаётган бўлса", деб ўйладим. Қодиров фикрларини ўқишда давом этарканман, нотўғри ўйлаганимни тушундим. Қодиров ўз "ижросида", у бунақа таклифни ҳам фикрни ҳам бермаган. 

"ЎзЛиДеП “Ўзавтомоторс” масаласини ўзи тавсия қилган Ҳукуматга эмас, Ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган Рақобат қўмитаси ва Прокуратурага арз қилди. Бу ишончсизликка сабаб нима?

Муаммони суд тартибида кўриб чиқилиши албатта жуда яхши, халқ ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлади, лекин суднинг қарори қандай бўлишидан қатъий назар, ЎзЛиДеП бу муаммони аввал Ҳукумат билан муҳокама қилиши керак эди. Чунки монополистлар билан боғлиқ муаммо фақат "Ўзавтомоторс"да тугамайди. Халққа қиммат автомашина сотиб зарар етказаётган монополистни судга бериб, таннархидан арзон электр энергия ва газни сотиб, зарарини бюджет маблағларидан қоплаб келаётган бошқа монополистни бошини силаб ривожланиб бўлмайди. Бозор талаб ва таклифга таяниб, манфаат учун ишлаб чиқаради. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ҳар икки ҳолат ҳам Ўзбекистоннинг ривожига хизмат қилмайди. Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар монополияларни босқичма-босқич тугатиш, бозорга мослаштириш, ЖСТга аъзолик шароитида рақобатга тайёрлашни мақсад қилган. Биз ҳали тўлиқ бозор талабларига жавоб берадиган иқтисодиётга эга эмасмиз. Ҳукумат мураккаб мувозанатни ушлаб туриш учун ностандарт қарорлар билан ишлашга мажбур бўлаётганини рад этиб бўлмайди. Шундай шароитда ўзи тавсия қилган Ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш, узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас.

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, айнан шу мунозара сабабли “Ўзавтомоторс”нинг хорижий ҳамкори томонидан йирик лойиҳа тўхтатиб қўйилди. Бу минглаб ватандошларимиз учун режалаштирилган иш ўринлари эди. Даъво қаноатлантирилса, яхши, автомобиль нархлари мувофиқлаштирилади, харидорларга етказилган зарар қоплаб берилади...

Қаноатлантирилмасачи?!

Мамлакатнинг автомобилсозлик соҳасида йўқотишлар, етказилган зарарни қоплаш учун Рақобат қўмитаси раҳбариятининг истеъфоси ёки етакчи партиянинг узри етарли бўладими?

Қарор қандай бўлишидан қатъий назар ўтган беш йилликда ҳам, бу беш йилликда ҳам Ҳукуматни тавсия қилган (шу давр ичида автомобиль нархини белгилаб берган) ЎзЛиДеП бу можародан халқ ишончини суистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади".

Депутат Алишер Қодиров бундан олдин ҳам шунга ўхшаш фикрлари билан машҳур бўлиб келган.

Алишер Қодиров Тошкентда қайта таъмирланган босқинчилар бутхонасидан маъно излади

«Мендан ҳеч нарса кутманг, мени сайламагансиз». Депутат Алишер Қодиров Олтинсойдаги «бебош фуқароларни кескин жазолаш»ни талаб қилди

У ҳозир танқид қилаётган партияси ЎзЛиДеПдан президентликка номзод бўлган ва ҳозирда ҳам мамлакатни бошқараётган Шавкат Мирзиёевни Сингапурни "учинчи дунё мамлакатидан биринчисига" олиб чиққан Ли Куан Юдан ўтиб кетганини таъкидлаган эди. Шунингдек, энг охирги парламент сайловларида ҳам "Агар унинг партияси ғалаба қозонса, ЎзЛиДеП номзоди Абдулла Ариповни бош вазирликка тавсия қилишини" айтган эди. Халқ икки марта овоз бериб сайлаб қўйган Алишер Қодиров бутун партияни танқид қилиб, унга савол бергунча, шу партия вакиллари бўлган давлат ва ҳукумат раҳбарларига аниқ мурожаат қилса бўлмасмиди?!

Мавзуга доир: «Алишер Қодировнинг гапларини эшитиб уялиб кетдим. Уни ростдан халқ сайлаганми?»