Диний қўмитада муҳокама қилинган «Виждон эркинлиги» тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчиликка тақдим қилинмади

Диний қўмитада муҳокама қилинган «Виждон эркинлиги» тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчиликка тақдим қилинмади

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Жорий йил 30 июнь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада Конфессиялар кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун Кенгаш аъзолари томонидан муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, ушбу Қонун халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, БМТ ва ЕҲХТнинг тегишли норматив ҳужжатларига таянилган ҳолда ишлаб чиқилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасига киритилган бир қатор янги моддалар ҳақида Кенгаш аъзоларига батафсил маълумот берилган. Улар қуйидагилардан иборат:

  • - дин соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб берилиши;
  • - диний ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари хусусидаги қўшимча моддалар киритилиши;
  • - диний ташкилот таъсисчилари сонининг 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилиши;
  • - диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш жараёнида тасис ҳужжатларининг нотариал тартибда тасдиқлаш амалиётининг бекор қилиниши;
  • - диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишни рад этишнинг аниқ асослари белгиланиши;
  • - рўйхатдан ўтказувчи орган (адлия идоралари)нинг диний ташкилот фаолиятини тугатиш бўйича ваколатининг бекор қилиниши;
  • - диний ташкилот фаолиятининг фақат суд қарори асосида 6 ойгача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиш амалиётининг киритилиши;
  • - диний ташкилотлар раҳбарлигига Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларнинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш амалиётининг бекор қилиниши.

Кенгаш аъзоси – Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий бу борада шундай деди:

– Кенгашнинг ушбу йиғилишида фаолиятимиз учун муҳим бўлган қатор масалаларни муҳокама қилдик. Жумладан, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун бўйича ҳам ўзаро фикр алмашдик. Эътироф этиш керак, бугун Ўзбекистонда биз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бунинг учун, аввало, Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдирамиз”.

Шунингдек, учрашув якунида барча диний конфессия раҳбарларига Конфессиялар кенгаши аъзолиги гувоҳномаси топширилди.