Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Диншунослик экспертизаси ва тақиқланган диний адабиётлар бўйича баёнот берилди
23.01.2020 17:18,  
1328

21 январь куни “Озодлик” радиосининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида “Ҳозирча махфий: тақиқланган диний адабиёт, сайт ва ташкилотларнинг янги рўйхати тасдиқланди” номли мақола эълон қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмита ушбу мақолани ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 10-сон қарори асосида тасдиқланган Низомда: “Ваколатли орган йилига камида икки марта манфаатдор вазирликлар ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган материаллар рўйхатини тақдим этади”, дейилган.

Хабарда айтилишича, юқоридаги низомга кўра, ваколатли орган яъни Дин ишлари бўйича қўмита томонидан, йилига камида икки марта, манфаатдор вазирликлар ва идораларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланган материаллар рўйхатини тақдим этилади. Бу 2014 йилдан буён амалда бўлиб келаётган ҳуқуқий жараёндир.

Шунингдек, баёнотда давлат диншунослик экспертизаси ўтказишдан кўзланган мақсад нима эканлигига ҳам ойдинлик киритилган.

Давлат диншунослик экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарорига мувофиқ, ваколатли орган бўлган Дин ишлари бўйича қўмита томонидан амалга оширилади. Мазкур қарорда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига четдан олиб кириладиган ҳамда республика ҳудудида ишлаб чиқариладиган диний мазмундаги материаллар давлат диншунослик экспертизасидан ўтказилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

Дин ишлари бўйича қўмита эксперт-мутахассислари томонидан амалга ошириладиган давлат диншунослик экспертизаси амалиёти ўзида хориждан олиб кирилаётган ва юртимизда тайёрланадиган диний материалларда соф диний ақидалардан оғишганлик, дин асосларини нотўғри талқин этиш, динлараро адоват ва нафрат қўзғатиш каби номақбул мақсадларда фойдаланиш ва илмий асосга эга бўлмаган маълумот ва талқинларга йўл қўйилмаслигини таъминлашни ифода этади.

Мутахассислар томонидан ҳар бир тадқиқот объектига нисбатан холис ва илмий асосланганлик нуқтаи назардан ёндашилиб, ҳар бир хулоса материалнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда шаффоф тарзда тайёрланади.

Шунингдек, диний қўмита амалиётда тақдим этилиши лозим бўлган ушбу рўйхат “махфий” эмас, балки хизмат доирасида фойдаланиладиган ҳужжат ҳисобланишини айтиб ўтган. 

Дин ишлари бўйича қўмита "бу каби хабарларни тарқатишдан олдин ҳуқуқий манбаларни синчковлик билан ўқиб чиқиш мақсадга мувофиқ"лигини айтган, лекин бу қайси манбалар эканини, уларни қаердан олиб ўқиш мумкинлигини очиқламаган.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш лозимки, Тошкент шаҳрида сотилаётган исломий адабиётларда Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатномаси - ялтироқ голограммани кўришимиз мумкин. Лекин бошқа динларнинг хориждан келтирилиб, сотилаётган диний адабиётларида Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатномаси - ялтироқ голограммаси ҳар доим ҳам кўринмайди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан