Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Доллар ёки сўм: валюта курси, жамғариш ва инвестиция
1.09.2022 23:35,  
288

"Бозорда курс қанча бўлаяпти?" "Доллар ошди, шунга нархлар ҳам ошди". "Россия-Украина мажороси бошлангандан кейин доллар курси нега тушиб кетаяпти?". 

Ўзбекистонда аҳолининг катта қисми узоқ йиллардан бери баъзи ҳисоб-китобларни амалга ошириш, жамғариш ва инвестиция воситаси сифатида АҚШ долларидан фойдаланиб келади. Юқоридаги саволлар эса долларда жамғарма тўплаган ёки уй-жой, автомашина, маиший техника сотиб олиш ниятида доллар қидириб юрган ҳар бир кишини ўйлантиради. Лекин, айтайлик, нима учун мазкур саволлар япониялик Ямамотони қийнамайди. Нима учун у фақатгина АҚШга сафари олдидан доллар сотиб олиш учун банкка мурожаат қилиши мумкин холос? Албатта, бунинг асосий сабаби япон иенасининг АҚШ долларига нисбатан барқарорлигини сақлаб туриши. 

Бирон бир мамлакат миллий валютасининг жаҳон валютаси бўлмиш АҚШ долларига нисбатан барқарорлигини сақлаб туриши эса ушбу мамлакатнинг экспорти, импорти билан бирга иқтисодий жараён иштирокчиларининг кўчмас мулк, автомашина каби узоқ муддат фойдаланишга мўлжалланган товарлар учун ҳисоб-китобларини АҚШ долларида эмас, балки миллий валютада амалга оширишига, жамғармаларини миллий валютада молия секторида сақлашига боғлиқ.

Доллар курси кўтарилади ва тушади. Бу эса валюта бозорида АҚШ долларига бўлган талаб ва таклифга боғлиқ. Жорий йилнинг 25январида рўй берган "блекаут" пайтида 2-3 минг сўмлик шамларнинг нархи 7-10 минг сўмгача кўтарилиб, эртаси куни яна 2-3 минг сўмга қайтгани сингари АҚШ доллари таклифи чекланган бир пайтда унга талабнинг бирданига ошиши доллар курсининг кўтарилишига олиб келади ёки аксинча, бозорда доллар кўп бўлиб, етарли даражада харидорнинг йўқлиги курснинг тушиб кетишига сабаб бўлади. Бу - оддий бозор қонунияти.

Ўзбекистон ҳам бозор иқтисодиётига ўтиб борар экан, ички валюта бозорида доллар курси тебраниб туради. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг экспорти ва импорти таркиби, йўналишлари ҳамда улар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун валюталар (рубль, юан, иена, евро) ранг-баранглигининг ортиб бориши доллар курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади. Бундай вазиятда АҚШ долларидан катта ҳисоб-китобларни амалга ошириш, жамғариш ва инвестиция воситасида фойдаланиш аҳоли учун бефойда бўлиб қолади. Натижада, аҳоли АҚШ долларидаги жамғармаларини сўмга алмаштириб, даромад келтирувчи молиявий инструментларга йўналтира бошлайди. Йиллар давомида аҳолининг қўлида жамғарилган катта ҳажмдаги АҚШ долларининг валюта бозорига кириб келиши доллар курси барқарорлигини таъминланишга хизмат қилади.

Таҳлил натижалар ишуни кўрсатмоқдаки, доллар курсининг ўзгариши одамларга тез таъсир қилади. Жорий йил март ойининг ўрталаридан рублнинг АҚШ долларига нисбатан курси мустаҳкамлана бошлаши ортидан Ўзбекистонда ҳам доллар курсининг туша бошлаши аҳоли томонидан тижорат банкларига сотилган АҚШ доллари миқдорининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди.

1-расм. Сўм ва рублнинг АҚШ долларига нисбатан алмшинув курси

Maнбаa: Maрказий банклар маълумоти

Tijorat banklari tomonidan aholidan sotib olingan AQSH dollari miqdori март ойида 996 миллион доллар (2021 йилнинг март ойида 580 миллион доллар), апрель ойида 1,12 миллиард доллар (2021 йилнинг апрель ойида 607 миллиард доллар), май ойида 1,03 миллиард доллар (2021 йилнинг май ойида 579 миллион доллар) ва июнь ойида 1,32 миллиард долларни (2021 йилнинг июнь ойида 600 миллион доллар) ташкил этди. 

Аҳолининг АҚШ долларидаги жамғармаларини сўмга айлантира бошлаши натижасида (бошқа омиллар билан биргаликда) муомаладаги нақд пул миқдори 1 апрель ҳолатига кўра 27,9 триллион сўмга (ўтган ойга нисбатан ўсиш 7,3%), 1 май ҳолатига кўра 33,1 триллион сўмга (18,9%), 1 июнь ҳолатига кўра 36,9 триллион сўмга (11,3%) ва 1 июль ҳолатига кўра 40,5 триллион сўмга (9,9%) етди. Ушбу рақамлар сўнгги ойларда сўм қадрининг мустаҳкамланиши аҳоли томонидан иқтисодиётда долларлашув даражасининг камайишига туртки бўлаётганидан далолат беради.

2-расм. Тижорат банклари томонидан жисмоний шахслардан сотиб олинган ва уларга сотилган АҚШ доллари ҳажми

Maнба:Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотлари

3-расм. Mуомаладаги нақд пул ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитлар

Maнба: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотлари 

Ички валюта бозорида доллар курсининг барқарорлашуви импорт товарлари нархларини мувозанатлаштириб, инфляцияга таъсирини камайтиради, шунингдек, барқарор валюта курси аҳоли ва тадбиркорлик вакилларининг доллар курси ошиши бўйича кутилмаларини пасайтириб, иқтисодий қарорларни қабул қилишини осонлаштиради. 

Ушбу таҳлил натижаларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиётда долларлашув даражасини камайтириш ҳамда аҳоли орасида узоқ йиллар давомида шаклланган "АҚШ доллари – жамғариш ва инвестиция воситаси" деган қарашни ўзгартириш мақсадида қуйидаги чоқа-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

1.Кўчмас мулк, машиналар олди-сотдиси каби катта ҳажмдаги ҳисоб-китобларни нақд пулда амалга оширишни осонлаштириш учун 500 000 сўмлик, 1 000 000 сўмлик купюраларни муомалага чиқариш;

2.Ўрта муддатли истиқболда Марказий банк томонидан рақамли валюталарни муомалага чиқариш;

Масалан, 2020 йил охирида Камбоджа Миллий банки мамлакатдаги долларлашув даражасини камайтириш мақсадида ўзининг биринчи рақамли валютаси - баконгни муомалага чиқарди. Баконг анъанавий банклар ва бошқа молия институтлари ўртасида смартфон ва компьютерларда тўловларни амалга ошириш учун мўлжалланган.

3.Аҳолининг жамғармаларини молия секторига жалб қилиш учун миллий валютадаги молиявий инструментларни диверсификация қилиш, молия ва капитал бозорларини ривожлантиришни жадаллаштириш, хусусан, хусусийлаштирилиши режалаштирилган давлат корхоналари акцияларини муомалага чиқариш ва бунда акцияларнинг аҳоли томонидан сотиб олинишини рағбатлантириш;

4.Экспорт ва импорт йўналишлари ҳамда валюталарини диверсификация қилиш орқали ички валюта бозорида АҚШ долларига бўлган талабни камайтириш.

Халилулло Ҳамидов,

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий

тадқиқотлар институти гуруҳ раҳбари

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз