Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Дональд Трамп ва Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни табриклади
29.08.2019 11:39,  
8

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда.

ЎзА'нинг ёзишича, уларда давлат раҳбарига муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига равнақ ва фаровонлик тилаб, эзгу истаклар изҳор этилган.

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг қутловида шундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан Хитой ҳукумати ва халқи номидан, шахсан ўз номимдан Сизга ва дўст Ўзбекистон халқига самимий табриклар ва энг эзгу тилаклар билдиришга ижозат бергайсиз.

Мен Хитой – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келмоқдаман, Сиз билан ўртамиздаги самарали ишчан ва шахсий алоқаларни юксак қадрлайман.

Сиз билан сиёсий ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, икки мамлакат ва халқлар фаровонлиги учун Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини узлуксиз ва изчил ривожлантиришга эришиш мақсадида "Бир макон, бир йўл" лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштиришга биргаликда саъй-ҳаракат қилишга тайёрман.

Дўст Ўзбекистонга тараққиёт ва куч-қудрат, халқингизга бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.”.

Россия Федерацияси президенти Владимир Путин шундай ёзади:

“Миллий байрам – Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни муносабати билан энг самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.

Мамлакатингиз иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт борасида ғоят салмоқли ютуқларни қўлга киритди. Ўзбекистон ҳақли равишда дунё майдонида юксак нуфузга эга бўлиб бормоқда, минтақавий ва халқаро масалаларда конструктив роль ўйнамоқда.

Давлатларимиз ўртасидаги азалий анъанавий дўстлик, ўзаро ҳурматга асосланган муносабатлар барча соҳаларда изчил ривожланаётганини катта мамнуният билан таъкидлайман.

Ишончим комилки, биз бундан кейин ҳам халқларимиз фаровонлиги, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашда давом этамиз.

Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, чин юракдан сиҳат-саломатлик ва муваффақиятлар, барча юртдошларингизга фаровонлик ва тараққиёт тилайман.”.

Ўз навбатида, Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп қуйидагича қутлов йўллаган:

“Сизни ва Ўзбекистон халқини Америка халқи номидан 1 сентябрь – мамлакатингиз мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан табриклайман.

Сизнинг Оқ уйга ташрифингизни ёдга олиб, мамлакатларимиз ўртасида сўнгги йилларда мустаҳкамланиб бораётган стратегик мулоқотларни юқори баҳолашимни таъкидлашни истар эдим.

Шунингдек, Сизнинг Ўзбекистон аҳлига хизмат қилувчи янада мустаҳкам, шаффоф ва масъулиятли ташкилотлар яратиш орқали мамлакат келажагига содиқлигингизни қадрлайман.

Сизнинг муваффақиятли ютуқларингизда шерик бўлишдан ғурурланамиз.

Сизга ва Ўзбекистон халқига келгуси йиллар барқарор ва самарали бўлишини тилайман. Янада яқинроқ ҳамкорликни қизғин кутиб қоламан.”.

Хабарда қайд этилишича, қутловлар келиши давом этмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан