Доналд Трампнинг Оқ уйдаги кунлари саноқли қолдими?

Доналд Трампнинг Оқ уйдаги кунлари саноқли қолдими?

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси АҚШ Президенти Доналд Трампга қарши расман импичмент (президентликдан олиш) жараёни бошланганини эълон қилди.

Бунга нима сабаб бўлди?

Трампни импичмент қилишга чақириб келаётган демократлар у сайланган биринчи кунданоқ мавжуд эди ва уларга кўра, бунинг сабаблари жуда кўп. Лекин бу ҳафта юз берган сўнгги машмашалар демократлар талабини янада кучайтирди ва уларнинг сардори, Вакиллар палатаси Спикери Ненси Пелоси ҳам бу ишни қўллаб-қувватлашини расман эълон қилди. Пелоси дастлаб бунга қаршилик билдириб келаётган эди. Чунки импичмент талаби келаётган сайловда Трампнинг тарафдорларини жонлантириб, унга қўл келиши мумкин.

Хуллас, сўнгги машмаша шуки, Трамп 2020 йилда қайта сайланишини осонлаштириш учун Украина президенти Владимир Зеленскийдан демократ рақиби Жо Байден оиласининг Украинадаги бизнесларини текширишни сўраган. Яъни, шу орқали Байдендан кир топиб, буни сайловда унга қарши ишлатишни кўзлаган. Киевга босим ўтказиш учун Трамп ҳатто Конгресснинг Украинага ажратган ёрдам пулини ҳам тўсгани айтилмоқда. Бу жуда жиддий айбловлар. Яъни, АҚШ раҳбари ўзининг сайланиши учун хорижий ҳукуматдан ёрдам сўраши мумкин эмас ва Конгресс ажратган маблағдан таъсир қуроли сифатида фойдаланиши ҳам ноқонуний.

Табиийки, Трамп бу айбловларни инкор этмоқда.

Трамп импичмент бўлиши эҳтимоли қанчалик юқори?

Бундай эҳтимол жуда паст. Нега? Чунки импичмент бўйича сўнгги қарорни Сенат беради. Яъни, президент Сенатда суд қилинади ва уларнинг қарори асосида президент ё ишда қолади ёки ишдан олинади. Айни пайтда Сенатда респубикачилар кўпчилик. Трампнинг айбини инкор қилиб бўлмайдиган даражада аниқ далиллар бўлсагина улар импичментни ёқлаши мумкин. Акс ҳолда ва кўп эҳтимол билан ҳозирги вазиятда республикачилар партиядоши Трампни ҳимоя қилиши аниқ ва демак, президентнинг импичментга учраши эҳтимоли жуда кам.

Вазиятни кузатишда давом этамиз.

606