Доналд Трамп портретига чизгилар

Доналд Трамп портретига чизгилар

Photo: Gough Mills

Трампдан 2016 йилда рақиби Хиллари Клинтон ҳақида бирон ижобий фикр айтишни сўрашганда у: “Мен Хилларининг ҳеч қачон таслим бўлмайдиган, охиригача курашадиган шахс деб биламан”, деган эди. Доналд шу сўзи билан ўзи учун энг қадрли хислатни очиб берди. Бу охиргача курашиш, ғалаба учун ҳамма нарсани тикиш ва асло таслимга рози бўлмаслик. Унингча ғалаба ҳар қандай восита ва қийматни оқлайди. Кураш Трампнинг ҳаёт мазмуни ва характери. Ғолибликнинг унинг устувор манфаатидир.

“Трамп кўп ёлғон сўзлашни яхши кўради”, дейишади. Бу унчалик тўғримас. Трамп учун ҳақиқат ва ёлғон ўзининг манфаатига мос келиш-келмаслиги билан ўлчанади. Айтаётган гапи мақсадга мувофиқми, демак бу рост гап, акси бўлса – ёлғон. Матбуот Трампнинг зарарига ахборот беряптими, демак у автоматик равишда фейк – ёлғон. Трампнинг ҳимоясига хабар чиқса текширмай уни ҳақиқатлиги дарҳол эътироф этади.

Ҳар бир индивиднинг олий ҳақиқати унинг ғолиблик, бойлик, ҳокимият энг бирламчи ҳаёт мазмунидан келиб чиқади, деган фалсафа Трампнинг ички фалсафасидир. Бу шундай дунёқараш. Трамп бошқаларни ҳақида ҳам шундай фикрда. Қандайдир ташқи ҳақиқатлар, маънавият ўлчовлари, эзгулик қадриятлари, одамийлик, виждоний холислик, объективлик – буларнинг ҳаммаси заифлар оммасининг ўйлаб топган сафсатасидир, бу сафсата улар учун Трампга ўхшаган ирода ва куч соҳиблари бўлмиш зотларни бўғиш, ўз фойдаларига алдов билан ишлатиш учун керак. Юксак ирода, куч соҳиби бундай сафсаталарга алданмаслиги лозим, балки керак бўлганда ўз фойдасига ишлатиши керак.

“Сайлов натижаларини қабул қилишга ваъда бераман. Агар ютсам”, деб эълон қилган эди Трамп. Трамп мунтазамликда ўз ҳокимиятини ошириш иродасини рўёбга чиқаради. Бу Ницшенинг “олий инсон” ҳақидаги фалсафасига қайсидир маънода яқин.

Трампнинг қилиқлари тутуруқсиз ва масҳарабозликдек кўринишини унинг болаларга хос ўз истакларига муросасиз ёпишиб олганлик билан тушунтириш мумкин. Шунда унинг сиёсатида ўзига хос мантиқ кўрина бошлайди:

– Мексика деворини қураман дедимми, қураман. Бу ярамас бюрократлар ботқоғи менга тўсқинлик қилмоқда. Республикачилар ҳам демократларни штат ва конгрессдан ҳайдашига жонбозлик кўрсатишсин, ваколатим ошсин. Шунда ваъдаларимнинг ҳаммаси амалга ошади. 

– Коронавирус? Ҳа, бу бир гриппдек нарса. Бизнес ва ишни тўхтатишга баҳона эмас. Одамлар ўляпти? Ҳа, бунга Хитой ва ЖССТ айбдор. Соғлиқни сақлаш тизимини расво қилган Обама айбдор. Менга юқди? Бир-икки ҳафтада муолажаларимни қилиб, тузалишни ҳаммангизга кўрсатаман. Касал бўлишдан манфаатдор эмасман. 

– Россия, Эрон, Шимолий Корея раҳбарлари ўзимизга ўхшаган ишбилармон одамлар. Уларнинг манфаат, истак, қўрқувларини билсак музокара орқали келишиб олаверамиз. Инсон ҳуқуқлари? Демократия? Менга сафсаталар қизиқмас, Америка фойдаси (менинг фойдам) нима? шу муҳим. Путин – эркак, бир биримизни тушунамиз, қўл қисиб келишамиз... Путинга қарши санкцияларини имзоладим. Ҳеч ким мени Путинга сотилган дея олмасин. 

– Сурия курдлари ҳимояга муҳтож, ҳарбийларни киритамиз.... Курдлар ҳам фаришта эмас, ҳарбийларни олиб чиқиб кетамиз...

– Эрон муаммоси? Ким экан уларда энг ўзидан кетгани? Сулаймоний? Бартараф қил. Қолганлари билан келишаверинглар. Улар ҳам ўзимиздек тирик одам, корчалон савдогарлар. Салла чўпонига алданманг. Гаплашинг. 

– Хитой? Хитойликлар ўзининг фойдасини кўзлаб иш тутган йигитлар. Боплашган бизни. Энди биз боплаймиз. Заводларни Америкага қайтариш учун ҳамма ишни қилиш керак. Иш жойлари халқим учун зарур! Қаршилик кўрсатяпти? Савдо урушини очамиз. Хитойликлар менга ёқади. Бунда шахсий хусумат йўқ, бу – бизнес (яъни сиёсат)... 

– Араб-Исроил можаролари? Ўзи шундоқ ҳам махфий ярашиб олишган ҳаммаси, шуни очиқлаб расмийлаштиринглар, бўлди. Фаластин халқига пул беринглар, аяманглар, Исроил ҳисобидан албатта. Келишса тўсиқларни камайтиринглар. “Мусулмон кўчаси қарши”?, уларнинг боши ким? Даъватчиларини тутиб қамаларинг – тамом. Ал-Жазира тинмайди? Эгаси Қатарми? Блокада қилишсин, ўзига келади. 

– Халқаро экология битимлари? Окей. Фақат Америка ҳисобиданмас. Топиб олишган соғин сигирни. Бундан бу ёғига ҳеч ким Американинг устига миниб олишга йўл қўймайман.

Американи яна буюк қиламан! 

– Импичмент қилишармиш мени... Сиёсий рақибни бартараф қилиш учун хорижий ёрдамни қўллаш хоинлик эмиш. Ҳеч қандай хоинлик эмас. АҚШда мендан бошқаси президент бўлиши мана шу айни хоинлик!

Ташқи ва ички сиёсий ўйинларда доимо Трамп келишган нарсасига вафо қилади. Аммо олдин келишув шартларини максимал равишда ўз фойдасига келтириб олади.

* * *

Трамп Американи ўзига хос севади. Самимий севади. Худди аёлни севгандек. Бир қарасанг Америка бу уни дунёга келтирган, оёққа туриб юксалишга имкониятларини қисмаган севикли она. Бир қарасанг, бу қалбини ва вужудини Трампга топширган олам маликаси – Америка. 

Америка миллатининг каттагина қисми ҳам Трампга нисбатан муҳаббати бор. Трамп бу ишбилармонлик, меҳнатсевар тиришқоқлик тимсоли. Трамп иш жойларини қайтаради. Солиқларни камайтиради. Текинхўрларга ён босмайди. Қаттиққўллик билан полиция тартибини сақлаш тарафдори. Яна нима керак оддий одам учун? 

АҚШнинг ҳеч бир президенти бўлмаганки ўзини Асос Солган Оталарга қиёсламаса, уларнинг нутқи, хулқи ва ғоялардан ўрнак олишмаса. Трамп ҳам шундай. Аммо у суянган Оталарнинг суратлари Оқ Уйда осилмаган, у Оталарнинг номларига мактаблар, кутубхоналар очилмайди. У – Оталар ёввойи прерия чўлларини ишғол қилган, авантюрист тилла-топарлар, мулкини қурол билан қўриқлайдиган фермерлар, бор бутини фонд бозорларга тиккан таваккалчилар, ҳаётини рингда сарф қилган боксчилар, меҳнаткаш механик, тинмас коммивояжер, тинчимас маклер ва қурувчилар, зукко банкирлар... – бир сўз билан Американинг моддий қасрини кўтарган Оталар. Трамп манфаатлари бу ғоявий тимсолларга жуда мос, улар орқали миллионлаб ватандошларини эргаштира олди. Трампга зиёли маърифатпарвар андозалари буткул бегона, омма одами учун ҳам интеллектуаллик ғашига тегадиган бўлган. Оддийлик валютасининг қадри ўсганини моҳир бизнесмен Трамп вақтида англади ва фурсатни бой бермай бир неча бор оддийликни нақдлаб олди. 

Трамп таслим бўлмайди. Эртами кечми у Оқ Уйдан кетади. Келажакда уни ўнлаб, балки юзлаб суд мунозаралари кутмоқда, қанчадан қанча сиёсий ва ҳуқуқий хатолар ўз мевасини бера бошлайди. Шунингдек Трамп ижтимоий тармоқлар қиролига айланади. Ютуб ва твиттер орқали мунтазамлик билан АҚШ давлат тизими устидан троллинг олиб боради. Конспирология виртуал оламига жон деб даҳолик қилади, жанжалкаш ва руҳлатирувчи китобларни ўз номидан ёздиради, кетма-кет интервюлар тарқатади, имконият бўлиши билан катта кичик митингларда қизил кепкасини кийиб оломонни у ёқдан бу ёққа тебратади.

Вақт ўтган сари Трамп тақлидчилари медиа ва сиёсий майдонда пайдо бўлади. Аммо Трамп форматидаги президент Америкада яна пайдо бўладими йўқми, айтиш қийин. Нима бўлганда ҳам у тарихда ўчмас излар қолдира олди, бу излар ҳали кўплаб илмий ва ижодий тадқиқотчисини кутиб турибди. Трамп фаолликни давом этаркан, бошқа собиқ президентларга ўхшаб осойишта ҳаётни танламайди, чунки тинимсиз кураш ва янги ғалабалар Трампнинг ҳаёт мазмунилигича қолади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.