Дониёр Ғаниев Алишер Қодировга жавоб қайтарди

Дониёр Ғаниев Алишер Қодировга жавоб қайтарди

Икки кундан бери парламент қуйи палатасида «Давлат тили тўғрисида»ги 655-сонли қонун лойиҳаси (ҚЛ) қизғин муҳокама қилинмоқда, деб ёзмоқда депутат Дониёр Ғаниев.

«Кечаги муҳокамаларда ҚЛнинг дастлабки моддалари бўйича бир қатор таклифларимиз қабул қилинди.

Мисол учун, ҚЛ номи. Иккинчи ўқишда таклиф этилаётган лойиҳада «Давлат тили тўғриси»даги ҚЛни янги қонун сифатида қабул қилиш ва 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган тарихий қонунни бекор қилиш таклиф қилинган эди. Гўёки давлат тили тўғрисида қонун илк бора қабул қилинаётгандек…

Ваҳоланки, давлат тили ҳақидаги қонун собиқ совет республикалари орасида биринчилардан бўлиб бизда 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган. Айнан давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши халқимизнинг мамлакат мустақиллиги сари курашда қўйган дастлабки дадил қадамларидан бири эди. Бу кунни тарих саҳифаларидан ўчиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, мен учун бу сана тарихий муҳимлик даражасида давлатимиз Мустақиллиги эълон қилинган кун ва Бош қомусимиз қабул қилинган кунлар билан бир қаторда туради.

Шу сабаб, мен ва бир гуруҳ партиядошларим давлат тили тўғрисидаги қонунни янги қонун тарзида қабул қилинишига мутлақ қаршилигимизни айтиб, ўз фикримизда қатъий қолдиқ. Гарчи Миллий Тикланиш партиясининг баъзи аъзолари қонунчилик техникасини рўкач қилиб, ҚЛни янги қонун тарзида қабул қилиш таклифни маъқуллашсада, биз ўз фикримизда қатъий қолдиқ.

Овоз бериш натижаларига кўра, ҚЛни янги қонун тарзида қабул қилиш таклифи депутатлар томонидан маъқулланмади ҳамда бизнинг таклифимизга асосан 1989 йилда қабул қилинган тарихий қонун ўз кучида қоладиган бўлди. Таклиф этилаётган янги нормалар эса асосий қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар сифатида қабул қилинади.

Бугун давом этган муҳокамаларда эса лойиҳанинг 9-моддаси қизғин муҳокама ва тортишувларга сабаб бўлди. Ушбу модданинг 1-қисмига кўра, давлат тили фақатгина давлат органлари ва ташкилотларида иш юритиш тили сифатида белгиланмоқда.

Ваҳоланки, бундан 30 йил аввал қилинган қонунда ҳам давлат органлари билан бир қаторда барча корхона, ташкилот ва жамоат бирлашмаларида ҳам давлат тили асосий иш юритиш тили этиб белгиланган. Лекин негадир давлат тилини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган янги қонун лойиҳасида давлат тилидан фойдаланиш ва уни татбиқ этиш чегараларини торайтириш таклиф этилмоқда. Бу худди қош қўяман деб, кўз чиқаришдек гап.

Айнан 9-модда бўйича билдирган эътирозларим ва ўз фикримда қатъий қолишим депутатлар фикрини ўзгартирди, деб ўйлайман. Чунки муҳокамалар сўнгида кўпчилик депутатлар таклифимни қўллаб-қувватлашди. Эътирозларимиз асосли эканлигини инобатга олиб, палата спикери ҚЛ муҳокамасини вақтинча тўхтатди ҳамда таклифларимизни инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш учун қўмитага қайтарилди.

Аввалроқ, МТДП раҳбари Алишер Келдиевич ҚЛ муҳокамалари ҳақида фикр билдириб, муҳокамаларда бошқа партия депутатларининг қонунга жиддий эътибор бермаётганлигини айтиб ўтибдилар. Ваҳоланки, кеча ва бугун бўлиб ўтган муҳокамаларда энг фаол иштирок этган депутатлар ЎзЛидеП фракцияси аъзолари эди. Алишер Келдиевич ва яна 1-2 депутатни ҳисобга олмаганда, Миллий Тикланиш партияси сиёсий фракцияси депутатларининг катта қисми ҳам негадир ҚЛ бефарқ бўлиб, муҳокамаларда деярли иштирок этмадилар.

Аслида, ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатида мавқейини ошириш ва мустаҳкамлаш, партиявийлигидан қатъий назар ҳар бир депутатнинг бурчидир. Ҳозир давлат тили тўғрисидаги ҚЛдан партия манфаатлари йўлида фойдаланишнинг, унинг муҳокамаларини партия нуфузини ошириш нуқтаи назаридан талқин этишнинг ўрни эмас.

Аксинча, барча партия депутатлари бу долзарб қонун лойиҳасига бефарқ бўлмай, уни давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга ҳужжат сифатида қабул қилиниб, Янги Ўзбекистон тарихида қолишига ҳисса қўшишлари муҳим», дейди депутат.