Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Дор, кунда ва бошқалар
29.02.2016 09:02,  
271

Одил судлов тизимини цивилизация ҳақида хулоса чиқариш учун асос бўладиган мезонлардан бири сифатида қабул қилиш мумкин. Бугунги кунда ўлим жазосини қўллаш ёки қўлламаслик борасида баҳс-мунозаралар тугаш билмаяпти, қадимда эса бу тўғрида кўпам тортишиб ўтиришмаган. У пайтлар жазони ижро этиш учун биргина сўз кифоя эди: “Жалло-о-д!”  

Ацтекларда ўлим жазоси

Мексикада яшаган ацтеклар ўлим жазосини тез-тез қўллаб туришган. Нафақат қотиллик ва жинсий зўрлаш каби оғир жиноятлар, балки сеҳргарлик, туҳмат ва жамоат тартибини бузишнинг охири ҳам ҳаёт билан видолашув бўлиши мумкин эди. Ҳатто ерининг чегарасини ўзбошимчалик билан ўзгартирган одам ҳам жон билан бадал тўлаган пайтлар бўлган. Жамоат жойида маст ҳолатда кўринган ёшларни ҳам ўлим жазосига маҳкум этишган. Аммо ҳар доим ҳам кимнингдир айбланиши унинг ўлимини англатмаган, албатта – жабрланувчи томон гуноҳкорни ўзига қул қилиб олишига рухсат этилар эди.

Ота-онасига ташланган ёки уларни урган ўн ёшга етмаган болаларни ҳам ўлим жазоси кутиб турган. Кексаларга ҳурматсизлик кўрсатган бола оддий оиланинг фарзанди бўлса, уни халойиқнинг кўз ўнгида савалашган, ўзига тўқ оиланинг арзандаси эса ўлдирилиши мумкин эди.

Ўлим жазосининг турлари бир қанча бўлган: тошбўрон қилиш, бошини танасидан жудо қилиш, танасининг ички аъзоларини суғуриб олиш ёки кўкрак қафасини ёриш.

Тўпдан отиш

1800-йилларнинг ўрталарида Панжоб инглизларнинг назорати остида бўлиб, маҳаллий халқ вақти-вақти билан Британия мустамлакачилигига қарши исён кўтарар эди. Исёнкорларни жазолаш учун инглизлар қуйидагича жазо турини ўйлаб топишган: маҳкумни ўқланган тўпнинг оғзига орқаси билан боғлаб, тўпни отишган. Табиийки, жазоланувчи тил тортмай ўлган.  

Хаммурапи кодекси

Дунёдаги энг кўҳна қонунчилик ёдгорлигига биноан қонга қон, жонга жон тизими қўлланган, аммо бунинг шарти – низолашаётган томонлар айни табақага мансуб бўлиши керак эди. Умуман олганда, қонунга мувофиқ ҳар ким истаган одамини айблай оларди. Аммо ҳақлигини исботлаш учун рад этиб бўлмайдиган далил келтирмаганлар ўлим жазосига ҳукм қилинган. Айбланувчи чиндан ҳам гуноҳкорми-йўқлигини билиш учун уни дарёга ташлашган: агар у чўка бошласа, демак, гуноҳкор. Мабодо дарё соҳилига чиқа олса, ўз-ўзидан гуноҳсизга айланган ва айбловчи томон ёлғон даъволари учун жазога тортилган.

Ўғрилар ҳам, ўғирланган буюмни сотиб олган ҳам ёруғ дунё билан хайрлашган.

Ур-Намму кодекси

Шумерларнинг ушбу кодексини Хаммурапи қонунларининг акаси дейиш мумкин. Ушбу кодекси милоддан аввалги 2112-2095 йилларда амал қилган ва бизнинг кунимизгача сопол лавҳаларда битилган кўринишда етиб келган, айни пайтда улар Пенсильвания университети ва Британия музейида сақланмоқда. Ур-Намму кодекси Хаммурапи қонунларига ўхшаб кетади, аммо айрим моддалари ҳозирги кунимиз учун мантиқсиз туйилади. Масалан, жинсий зўрлаш учун ўлим жазоси қўлланган, бироқ жабрланувчи қул бўлса, жиноятчи жарима билан қутулиб кетган. Агар у жабрланувчига уйланишга ваъда берса, жиноят гўёки содир бўлмаган деб ҳисобланган.

Феодосия кодекси

Феодисия кодекси – Рим салтанати қонунларининг илк расмий мажмуаси. У Константинополда, насроний таълимотларига таянган ҳолда тузилган. Кодекс 438 йилнинг 15 февралида расман қабул қилинган бўлиб, асосан арианлик (насронийликнинг бир оқими)га мансублар ва мажусийларга қарши қаратилган эди. Ўша пайтларда черковга бўйсунмасликнинг оқибати кўпинча ўлим билан тугар эди.

Драконт қонунлари

Бу қонунларни Афина ҳукмдори Драконт (ёки Дракон) милоддан аввалги 621 йилда қабул қилган бўлиб, илк ёзма қонунлар мажмуаси эди. Уни тошга ўйиб, ҳамма кўриши учун жамоат жойига қўйилган. Айтиш керакки, Драконт қонунлари анчагина шафқатсиз эди: қотиллик учун ҳам, ўғирлик учун ҳам ўлим жазоси бериларди. Қадимги Юнонистонда халқ орасида шундай гап юрган: “Драконт қонунлари сиёҳ билан эмас, қон билан ёзилган”. 

Аммо қасддан ва эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдиришни илк бор бир-биридан ажратган айнан Драконт эди. Қасддан одам ўлдирганга ўлим жазоси берилган, эҳтиётсизлик туфайли одам ўлдирилса, айбланувчи ва марҳумнинг яқинлари ўртасида сулҳ тузилган.

Хетт кодекси

Хеттларнинг ўзига хос, ажойиб қонун-қоидалари бўлган. Айтайлик, кимдир ҳомиладор аёлни урса ва ҳомила тушиб қолса, айбдор жарима тўлаган. Жарима миқдори эса аёлнинг қайси табақага мансублигига боғлиқ бўлган. Хаммурапи кодекси билан солиштирилса, Хетт кодексида анчайин юмшоқ жазоланган белгиланган эди. Масалан, ўғирлик учун ўлим жазоси берилмаган. Одатда бундай жазога ҳокимиятга қарши исён кўтарганлар ва жинсий зўрликни содир этганлар ҳукм қилинган.  

Месопотамия қонунлари

Месопотамия кодекси бизгача қисман етиб келган, аммо шунинг ўзиёқ месопотамияликнинг адолат ҳақидаги тасаввурларини тушунишимизга ёрдам беради. Айтайлик, балиқчи ёки назоратчини ҳукмдор чақирса-ю, у келмаса, ўлим жазоси тайинланган. Агар эркак киши оиласини ташлаб кетса, арзимаган жарима билан қутулиб кетган, эрини ташлаб кетган аёлни эса дарёга улоқтиришган. Агар ўғил отасидан воз кечса қулликка маҳкум этилган, онасидан воз кечган тақдирда меросдан маҳрум этилиб, уйдан қувилган.

 

АҚШда ўлим жазосига маҳкум этилганлар жазо ижросини йиллаб кутиши мумкин. Масалан, Жоржия штатилик Жек Олдерманга хотинини ўлдиргани учун 1975 йилнинг 14 июнида ўлим жазоси берилган, ўша пайтда у 24 ёшда эди. Жазо 2008 йилнинг 16 сентябрида амалга оширилди.

Ҳозирга келиб дунёнинг 140 давлатида ўлим жазоси бекор қилинган.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан