ДСҚ ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказишни бошлади

ДСҚ ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказишни бошлади

2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турларининг 67тагача кенгайтирилиши асосида рўйхатга олиш тартиби жорий этилди.

ДСҚ матбуот хизмати хабарига кўра, ўзини ўзи банд қилганлар – бу хизматлар кўрсатишда мустақил равишда шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, меҳнат даромадини олиш учун иш олиб борувчи шахслар. Бунда улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳловчилар буни Soliq мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ёки жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали масофадан туриб, бепул амалга ошириши мумкин.

Рўйхатга олиш натижаларига кўра, ўзини ўзи банд қилганлик тўғрисидаги маълумотлар Солиқ тўловчиларнинг ягона реестрига киритилади ва фойдаланувчига рўйхатга олинганини тасдиқловчи матрицали штрих код (QR код) юборилади. QR кодли маълумотномани хоҳишга кўра чоп эттириш мумкин.

Билдирилишича, ўзини ўзи банд қиладиганлар расман рўйхатдан ўтгандан сўнг, қонуний равишда ишлашлари, шунингдек, мижозлардан қабул қилинган барча буюртмаларни расмийлаштириш ва сақлаши мумкин. Маълумотлар базасида ҳар бир буюртма учун ишларнинг сони ва қиймати, шунингдек мижознинг телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар сақланади. Буюртма асосида чек шакллантириш ва уни мижозга юбориш имконияти мавжуд.

Қайд этилишича, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Солиқларни тўлаш масофадан туриб, мобил илова ёки ҳар қандай электрон тўлов тизими орқали амалга оширилади. Бу жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш жараёнига ўхшайди. Энди солиқ мажбуриятларини солиқ органларига ташриф буюрмасдан бажариш мумкин.