ДТМ чет тилидан сертификати бор абитуриентларни рўйхатдан ўтишда эътиборли бўлишга чақирди

ДТМ чет тилидан сертификати бор абитуриентларни рўйхатдан ўтишда эътиборли бўлишга чақирди

Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарорига мувофиқ тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари Б2 ва ундан юқори бўлган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади.

Чет тилларидан сертификатга эга абитуриентлар рўйхатдан ўтишда сертификат қайси чет тилидан берилганлиги, сертификат тури, тилни билиш даражаси, ҳужжат серияси ва рақами, сертификат берилган сана ва сертификат расмини тизимга киритади.

Чет тили фанидан Б2 ва ундан юқори даражада бўлган сертификатга эга абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади. Давлат тест маркази онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида энг кўп учраётган хатоликлардан бири ҳақида маълумот берди.

Мазкур маълумотларни барчаси сертификатларни текширишда жуда муҳим. Давлат тест маркази томонидан ушбу сертификатларнинг ҳақиқийлиги текширилади ва тасдиқланади.

"Шунинг учун абитуриентлардан мазкур маълумотларни киритишда эътиборли бўлишларини ва маълумотларни тўғри киритишларини сўраймиз.

Ҳозирга қадар Давлат тест маркази томонидан текширилган 726 та чет тили сертификатларидан 73 таси нотўғри киритилганлиги аниқланди. Жумладан:

  • - инглиз тилидан – 33 та;
  • - корейс тилидан – 22 та;
  • - хитой тилидан – 17 та;
  • - араб тилидан – 1 та;

Кузатилаётган ҳолатлар:

- имтиёз бериш учун асос бўлмайдиган сертификатларни киритиш (ўқув марказлари томонидан берилган ёки халқаро бўлмаган сертификатлар);

- тилни билиш даражасини ошириб кўрсатиш (Б1 даражадаги сертификатни Б2 сифатида киритиш);

- сертификат серияси ва рақамини тўлиқ киритмаслик ёки нотўғри киритиш;

- амал қилиш муддати тугаган сертификатларни киритиш; 

- сертификат расмини хато юклаш (бошқа расм);

- бошқа ҳолатлар.

Эслатиб ўтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига биноан, абитуриент томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент кириш имтиҳонларидан (талабаликка қабул қилинган бўлса, олий таълим муассасаси талабалари сафидан) четлаштирилади ҳамда бу ҳақда белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар қилинади" - дейилади ДТМ хабарида.