ДТМ рўйхатдан ўтган, лекин тўлов қилишга улгурмаган абитуриентларга мурожаат қилди

ДТМ рўйхатдан ўтган, лекин тўлов қилишга улгурмаган абитуриентларга мурожаат қилди

Аввал хабар қилганимиздек, Давлат тест маркази кеча 20 июль куни 2020-2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш расман якунланганини маълум қилди.

Жами рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 1 484 085 нафарни ташкил этди.

Маълумки, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (111.500 сўм) миқдорида тўловни амалга ошириши керак. 

Тест синовлари учун тўловни белгиланган муддатда амалга оширмаган абитуриентлар рўйхатдан ўтмаган ҳисобланади ва тест синовларида иштирок эта олмайди.

ДТМ'нинг маълум қилишича, ҳозирда онлайн рўйхатдан ўтган, лекин тўловни амалга оширишга улгурмаган абитуриентлар мавжуд бўлиб, улар 21 июль куни соат 23:59 қадар тўловни амалга оширишлари мумкин.