Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Дунё тан олган ўзбек математиги
17.12.2019 15:18,  
8316

Буюк аждодларимиздан бири, мутафаккир олим Муҳаммад ал-Хоразмийни ёдга олар эканмиз, беихтиёр замонамиздаги машҳур сўзлар “алгоритм”, “алгебра” атамалари бу буюк аждодимизга бевосита боғлиқлиги билан фахрланамиз. Замонавий алгебранинг асосчиларидан бири сифатида кўз-кўз қиламиз.

Шу ўринда фаннинг айнан шу йўналишида мамлакатимиз математиклари дунё математикларининг олди сафида эканлигини кўпчилик ҳам билавермайди. Бундай илғорликка сабабчи бўлган математик ҳануз қизғин изланишда. Катта эҳтимол билан бу соҳанинг ривожига ҳали янада улкан ҳисса қўшадиган академик Шавкат Абдуллаевич Аюпов ҳақида ёзишни бошларканман, ўқувчиларда забардаст олим ҳақида муносиб тасаввур қолдира олармиканман деган иккиланишим ҳам йўқ эмас.

Аввало, академик Шавкат Абдуллаевичнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятининг асосий саналарини беришдан бошламоқчиман. Зеро бу саналарда кўп заҳматлар яширин.

Академик Ш. А. Аюпов ҳаёти ва ижодий фаолиятининг асосий саналари

  • Аюпов Шавкат Абдуллаевич 1952 йил 14 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилди.
  • 1959 - 1966 йй. – Тошкент шаҳрининг 40 – ўрта мактабида ўқиди.
  • 1966 - 1969 йй. – Тошкент шаҳрининг 192 – ўрта мактабини олтин медаль билан тамомлади.
  • 1969 - 1974 йй. – Тошкент давлат университетининг (ТошДУ, ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети) механика-математика факультети талабаси.
  • 1974 - 1977 йй. – ТошДУ функционал анализ кафедраси аспиранти.
  • 1977 й. – Физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди;
  • – Ўзбекистон фанлар академиясининг ёш олимлар мукофоти лауреати;
  • – ТошДУнинг Германия Демократик Республикасидаги халқаро студентлар отряди бошлиғи.
  • 1977 - 1979 йй. – ТошДУ функционал анализ кафедраси ассистенти, катта ўқитувчиси.
  • 1979 - 1985 йй. – ЎзР ФА В.И. Романовский номидаги математика институти (2007 - 2011 йилларда математика ва информацион технологиялар институти, 2012-2017 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги математика институти, ҳозирги кунда ЎзР ФА В.И.Романовский номидаги математика институти) катта илмий ходими.
  • 1980 йилдан. – Америка математика жамияти аъзоси.
  • 1983 й. – Физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди;
  • – Фан соҳасида Ўзбекистон ёш олимлар мукофоти лауреати.
  • 1983 - 1996 йй. – ТошДУ функционал анализ кафедраси профессори, кафедра мудири.
  • 1984 - 1987 йй. – Ўзбекистон ёш олимлар Жамияти раиси.
  • 1985 й. – Ёшлар ва талабаларнинг XII Умумжаҳон фестивалида Ўзбекистон вакили.
  • 1986 - 1992 йй. – ЎзР ФА В.И. Романовский номидаги математика институти директори муовини.
  • 1986 й. – Фан ва техника соҳасида бутуниттифоқ ёш олимлар мукофоти лауреати.
  • 1987 й. – Профессор унвони берилди.
  • 1987 йилдан. – ЎзРФА В.И. Романовский номидаги математика институти алгебра ва анализ бўлими мудири.
  • 1989 й. – Ўзбекистон республикаси фанлар Академияси мухбир-аъзоси этиб сайланди.
  • 1992 - 1997 йй. – ЎзР ФА В.И. Романовский номидаги математика институти директори.
  • 1992 - 1994 йй. – Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси математика бўйича эксперт кенгаши раиси.
  • 1994 - 2000 йй. – Ўзбекистон республикаси фанлар Академияси Президиуми аъзоси.
  • 1994 - 1996 г.г. – Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фан ва таълим бўлими мудири.
  • 1995 й. – Ўзбекистон республикаси фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси (академик) этиб сайланди.
  • 1996 - 1997 йй. – Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони бош консультанти.
  • 1996 й. – «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
  • 1997 - 2003 йй. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) раиси.
  • 2000 - 2010 йй. – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети алгебра ва функционал анализ кафедраси мудири.
  • 2001 йилдан – «Физика, Математика ва информатика» журнали Бош муҳаррири.
  • 2003 - 2004 йй. – Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирининг муовини.
  • 2003 й. – «Мехнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди;
  • – Ривожланаётган Дунё фанлар Академиясининг (TWAS) ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
  • 2004 - 2007 йй. – ЎзР ФА В.И. Романовский номидаги математика институти директори.
  • 2004 йилдан – «Ўзбек математика журнали» Бош муҳаррири.
  • 2005 – 2017 йй. – Физика-математика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимоя қилишга ихтисослашган кенгаш раиси.
  • 2007 - 2012 йй. – ЎзР ФА математика ва информацион технологиялари институти директори (ЎзР ФА математика институти ва информатика институтлари базасида ташкил қилинди).
  • 2008 й. – Монголия фанлар Академии аъзоси этиб сайланди.
  • – Абдус Салом номидаги Халқаро Назарий Физика Маркази (ICTP) аъзоси этиб сайланди (Триест, Италия).
  • – Турк дунёси Математика жамиятининг “TWMS Journal of Pure and Applied Mathematics» илмий журналининг халқаро илмий кенгаши аъзоси этиб сайланди
  • 2010 й. – «International Journal of Management Science and Engineering Management» (World Academic Press, UK) халқаро илмий журналнинг Бош муҳаррири ўринбосари этиб тайинланди.
  • 2011 й. – Турк дунёси Математика жамиятининг илмий жамғармаси бошқармаси аъзоси этиб сайланди; «Ўзбекистон Республикаси Фан Арбоби» фахрий унвони берилди.
  • 2011 йилдан – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети алгебра ва функционал анализ кафедраси профессори.
  • 2012-2017 йй. – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги математика институти (ЎзР ФА математика ва информацион технологиялар институтининг математика блоки асосида ташкил этилган) директори.
  • 2017 йилдан – ЎзР ФА В.И. Романовский номидаги математика институти директори.
  • 2017 й. - Ўзбекистон Республикаси фан ва техника соҳасида Биринчи даражали Давлат Мукофоти Лауреати.

Эътибор бердингизми, Шавкат Аюпов 70-йилларданоқ фан номзоди, ёш олим сифатида Германияга борган, Америка математика жамиятига аъзо бўлган. Номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган йиллари фан соҳасида ёш олимлар мукофотини олган. Бу олинган илмий натижаларнинг аҳамияти дунё миқёсида эканлигидан далолатдир.

Яна бир нуқтага эътиборингизни қаратмоқчиман. Шавкат Аюпов нафақат илмий фаолият, балки илм-фанни ташкиллаш, уни бошқариш соҳасида ҳам самарали фаолият кўрсатган. Бир неча йил давомида илмий даража ва унвонлар координациясига масъул ташкилот – ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига бош бўлиб, мустақилликнинг илк йилларида тизимни тўғри ташкиллаштиришдаги хизматлари беқиёс.

Сазовор бўлган давлат мукофотлари қисман шу хизматлари учун ҳам берилган. Илм одами барибир илмдан ажралмайди. Шундай масъулиятли лавозимларда ишлаган пайтда ҳам Шавкат Аюпов бевосита илмий тадқиқот ва педагогик фаолиятдан четлашмаган. Ёзилган монография ва дарсликлар, чоп этилган илмий мақолаларнинг сони ва саналари бунга исботдир.

Яқинда бўлиб ўтган “Scopus Award-2019” тақдирлаш маросимида Шавкат Абдуллаевич “Табиий фанлардаги энг зўр тадқиқотчи” номинациясида ғолиб деб топилди. Бу эса атоқли олимнинг ҳануз фаол, самарали илмий изланишда эканлигини кўрсатади.

Шавкат Аюпов 2003 йили Дунё фанлар Академиясининг (TWAS) ҳақиқий аъзоси этиб сайлангандан кейин Ўзбекистон математикларининг 5 таси унинг тавсияси билан аъзоликка сайланган ва дунё илмий ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг ўрнини мустаҳкамлашда яхши таъсир ўтказган.

Шавкат Абдуллаевич устози академик Т.М. Саримсоқовнинг ташаббуси билан оператор алгебралар назарияси билан шуғулланишни бошлади ва кўп ўтмай бу йўналишда соҳа мутахассисларининг энг олди сафига чиқди. Кейинчалик, шогирдлар билан бу йўналишни янада ривожлантирган ҳолда Лейбниц алгебраларининг структуравий назарияси бўйича илмий мактаб яратилиши ва дунё миқёсида тан олинишига сабабчи бўлди.

Кўп йиллардан бери Шавкат Абдуллаевичнинг ўзи ҳам, кўплаб сондаги шогирдлари ҳам чет эллик ҳамкасблари билан самарали илмий тадқиқотларни олиб боришяпти, кўплаб лойиҳалар амалга ошяпти, нуфузли илмий анжуманларда иштирок этишяпти, Тошкент ҳам бу йўналишда илмий марказга айланиб боряпти.

2017 йили Ўзбекистон-АҚШ математиклари илмий анжуманининг Урганчда, 2018 йилда CIMPA (Centre International de Mathématiques Pures et Appliquées) ёзги мактабининг Тошкентда ҳамда яқинда Хитойда ўтказилган Хитой-Марказий Осиё математикларининг биринчи илмий анжуманининг ўтказилишида ҳам Шавкат Абдуллаевичнинг ҳиссаси катта.

Кенг фикрли, шитоблик билан ўзгараётган замонга нафақат мослашиш, балки соҳаларни тизимли равишда тўғри марралар олиб, замонавий усулларда ривожлантириш салоҳияти бор шундай тажрибали олимларга эҳтиёжимиз бор.

Ҳукуматда, парламентда, шаҳар кенгашларида узоқни кўра оладиган, ўзининг принципиал позициясига эга, муаммоларнинг илдизини кўриб, уларни бартараф этишнинг тизимли ечимларини таклиф қила оладиган олимлар сафининг кўпайиши олиб борилаётган ва келажакда режалайдиган ислоҳотларимиз самарали, асосийси, халқ учун фойдали бўлади деб ўйлайман.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан