Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Дунё тарихидаги энг катта ёлғон қурбони - Ироқ
25.05.2016 11:24,  
93

2002 йил 29 январ АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ, Эрон ва Шимолий Кореяни «Ёвузлик чизиғи» дея атайди. Бу каби чақириқлар АҚШнинг ташқи сиёсатида кўп маротаба ишлатилган. Америка халқи демократик принципларни ўзига асос қилиб олгани туфайли, АҚШ ҳукумати омманинг норозилигисиз ташқи сиёсатда эркин равишда ёндаша олмайди ва геополитик мақсадларни рўёбга чиқариши қийин кечади. Шунинг учун ҳам омма фикрини геополитик мақсадлар билан бир маромда йўналтириш учун, АҚШ ҳукумати кўпинча «яҳши» ва «ёмон» терминларини кўп ишлатади. Унга кўра АҚШ ҳукумати доим «яҳши» позицияда бўлади, унга қарши кучлар, тажовуз қилувчилар ёки «ўлжалар» барчаси «ёвуз» куч сифатида эътироф этилади. 80 йилларда Роналд Рейганнинг Совет Иттифоқини «ёвуз мамлакат» деб аташи ҳам бунга яққол мисол бўлади. Бу сиёсатга кўра АҚШ ўзини дунёга сивилизация ва демократияни ёювчи «яҳши» куч сифатида кўрсатади ва бу вазифа «Илоҳий миссия» деб ҳам қаралади. Бу каби дунёқараш АҚШнинг 19 асрдаги ғарбий ҳудудларини замонавийлаштиришидан мерос бўлиб, ҳозирги кунда АҚШнинг дунёда ўз гегемониясини ёйишда кўп ишлатилади. 

Лекин бугунги мақоламиз асосан Ироқ ва унинг урушдан кейинги тақдирига бағишланади. АҚШнинг «демократик гегемониясига» бағишланган мақоламизни тез кунларда шу ерда ўқишингиз мумкин бўлади.

Урушга «сабаб»?

Жорж Бушнинг бу каби эълонидан сўнг Ироқ АҚШни навбатдаги ўлжаси эканлиги яққол намоён бўлди. 11 сентябр воқеаларидан фойдаланган ҳолатда АҚШ барча иттифоқчиларини «Терроризмга қарши уруш»га чорлади. Афғонистон масаласида ажралишлар юз бермади. Деярли барча Ғарб мамлакатлари озми-кўпми ўз имкониятлари даражасида интервенцияни қўллаб қувватладилар. Бундай бирликдан фойдаланган АҚШ Ироқ учун ҳам шундай натижани кутган эди. Лекин тезда нафақат халқаро ҳамжамиятда, балки иттифоқчилар орасида ҳам бўлиниш юз берди. Кутилмаганда Фрасния президенти Жак Ширак ўз нутқида «Ироққа нисбатан куч ишлатиш фақат ва фақат энг оғир оқибатларга олиб келиши муқаррар» эканлигини таъкидлайди. Немис кантслери Герҳард Шроедер ҳам ўзининг бу интервенцияга иттифоқдош бўла олмаслигини билдиради. Россия ва Хитой ҳам франсуз-немис қарорларини қўллаб қувватлайдилар.

Ироққа бир нечта бор БМТнинг Ядро дастури бўйича мутаҳассисларнинг жўнатилиши, Саддам Ҳусайннинг Қувайт халқидан 90 йиллардаги уруш учун кечирим сўраши ва Боғдоднинг «Нефт эвазига Озиқ-Овқат» дастурини (унга кўра Ироқ Нефт маҳсулотларини фақатгина аҳолини кундалик озиқ-овқат маҳсулотларини таъминлаш учун сотиши керак, яъни жуда чекланган тарзда) йўлга қўйиши ҳам АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматларини қониқтирмайди. Ироқдаги оммавий қирғин қуролларини мавжудлигини исботлашга етарли далил бўлмаса ҳам интервенция қилиш сиёсати ушлаб турилади. 

Масалага стретегик жиҳатдан ёндашсак. АҚШ ва Буюк Британия учун Ироқ уруши нефт баҳосининг жаҳон бозорида мувозанатдан чиқишига олиб келиши ва айнқиса Хитойнинг бу региондан узоқлашишига олиб келиши лозим эди. Ироқни Ғарб кучлари томонидан эгалланиши Эрон ва Сурияга катта зарба бўлиши керак эди. Бундан ташқари Ироққа Ғарб қўшинларини киритилиши уни Форс кўрфази мамлакатлари устидан назоратни кучайтиришга ва региондаги бошқа рақобатчи кучларни чекинишига мажбур қилиши ҳам кўзда тутилган эди. Лекин интервенция кутилган натижаларни бермади. Аксинча, АҚШнинг ҳам моддий, ҳам маънавий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан кучсизланишига олиб келди.

Талофатлар

Моддий жиҳатдан АҚШ тарихидаги энг қиммат уруш сифатида Ироқ уруши қолиши шубҳасиз. 2003 2008 йилларда АҚШ ҳукумати умумий миқдрорда 3000 миллиард АҚШ доллари маблағни ушбу урушга сарфлаган. Бундан ташқари минглаб юқори даражадаги ҳарбий технологиялар ва кучли тайёргарликдан ўтган 5000га яқин аскарнинг йўқотилиши армиянинг моддий ва руҳий кучига салбий таъсир кўрсатди. 

Стратегик жиҳатдан: Регионда умумий тартибсизлик юзага келди. Эрон билан муносабатлар умуман ёмонлашди. Ироқда янги ўрнатилган ҳукумат асосан Шиа мазҳабидаги кишилардан ташкил топган бўлиб, Ироқнинг Эрон билан кўзга кўринарли яқинлашиши сезилди. АҚШ иттифоқчилари орасида анти-американизм кучайди, жумладан Франция ва Германия ўзларининг геополитик кучларини ва Европани АҚШдан мустақиллаштиришга сарфлай бошладилар, Туркия даставвалдан урушга қарши эди, буни устига Ироқ ҳукуматига Курдларнинг АҚШ ҳукумати томонидан тайинланиши оқибатида, Турк ҳукумати иттифоқчи мамлакатдан очиқдан-очиқ душман кайфиятидаги мамлакатга айланди. Форс кўрфази мамлакатлари Ироқдаги интервенциядан сўнг АҚШга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабат билдира бошладилар. Ироқдаги вайронагарчиликлар ва тартибсизликлардан фойдаланган бир қанча араб шайхлари радикал-исломий кучларга молиявий ёрдамларни кўпайтирдилар. Бутун дунёда Анти-Ғарблик кайфияти янада кучайди. Дунёда нефт баҳоси кўзга кўринарли даражада қимматлади. 

Руҳий зарар АҚШнинг ўз ичида содир бўлди. Жорж Буш АҚШ президентлигидаги энг ёмон ва нўноқ президентлар қаторига киритилди. Ҳалок бўлган аскарлар оилаларининг иқтисодий оғир аҳволи кенг миқёсда оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиши, бунинг устига иқтисодий кризиснинг кириб келиши билан, Америка патриотизмига сезиларли даражада путур етди.

Юқоридагилар албатта Ироқ уруши АҚШ учун сезиларли даражада салбий оқибатлар келтирганини кўрсатади, лекин, Ироқ учун бу уруш тасаввур қилиб бўлмас салбий оқибатларни келтириб чиқарди.

Ироқ оккупация зоналари (2003)

Ироқ оккупация зоналари (2003)

Энг асосий йўқотиш Ироқ учун биринчи навбатда демографик йўқотишдир. АҚШ интервенциясидан 2012 йилгача бўлган даврда 170 минг тинч аҳоли ўлдирилган, 250 мингдан ортиқ киши яраланган, шулардан асосий қисми 1 гуруҳ ногиронига айланганлар. 2,5 миллион қочоқлар Ироқни тарк этишган, шулардан 1 миллиони Сурияга чекинадилар. Охирги йилларда қочоқларнинг ватанга қайтиши кузатилаётган бўлсада уларнинг сони 10 минг кишидан ошмайди, бу ҳам бўлса Суриядаги фуқаролар урушидан паноҳ излаётган аҳолидир.

Ироқдаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони графиги

Ироқдаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони графиги

Ироқдаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонининг ойлар бўйича жадвали

Ироқдаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонининг ойлар бўйича жадвали

Сиёсий жиҳатдан мамлакатда парокандалик вужудга келди. Мамлакат сиёсий тарихи ва ўзлигининг негизи бўлган Баас партияси бутунлигича тугатилди. Саддам Ҳусайннинг қатл қилиниши ва тўғридан-тўғри қатл видеолавҳасини эфир орқали оммага узатилиши, аҳоли орасида Саддам тарафдорларининг радикаллашишига олиб келди. Мамлакатда Шиалар, Курдлар ва Суннийлар орасида натижасиз рақобат ва жанглар бошланиб кетди. АҚШ ҳукумати бу учта тўпламдаги аҳоли орасидаги рақобат ва келишмовчиликлардан фойдаланган ҳолда мамлакатда сиёсий мувозанатни ушлаб туришни мўлжаллаган эди. Лекин сиёсий анализнинг хомлиги ва маҳаллий шароитни ҳисобга олинмаганлиги натижасида бу режа  боши берк кўчага кириб қолди. Асосан Курдлар ва Шиалардан ташкил топган ҳукумат нафақат бир-бири билан жиққамушт бўлди, балки собиқ ҳукумат эгалари бўлган сунний аҳолидан «ўч олишга» киришиб кетди. Мамлакат шимолида Курдистон автоном республикаси ташкил қилинди, бу эса Эрон ва Туркиядаги Курд аҳолиси ва жангарилари учун Катта Курдистон давлати орзусини қайта уйғотди, уларнинг сезиларли даражада фаоллашиши кузатилди. Ўз навбатида Эрон ва Туркия суверинтитет ва чегаралар даҳлсизлигини сақлаб қолиш учун Курд жангариларига қарши курашни кучайтирдилар. Асосан Ироқдаги Курдистондан туриб ҳужум қилувчи жангариларга қарши Эрон ва Туркия бир неча бор Ироқ ҳудудига кириш орқали ҳужум қилади. Эрон Ироқ билан чегарадош ҳудудлардаги қишлоқларни бир нечта бор бомбардимон қилади. Бу ҳолат ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. 

Ироқ иқтисодий жиҳатдан деярли вайрон қилинди. Урушлар оқибатида кўпчилик нефтни қайта ишлаш заводларига ўт қўйилади. Мамлакат нефт-саноати тармоғи бутунлигича издан чиқади. Чет-ел инвестициялари мамлакатда давом этаётган нотинчликлардан хавфсираган ҳолда, ҳеч қандай саноат тармоқларига инвестициялар олиб кирмайдилар. Ҳозирда Ироқнинг иқтисодиёти фақатгина қазиб олинган нефтни тўғридан-тўгри сотиш ҳисобидан аҳолига бирламчи эҳтиёж маҳсулотлар - озиқ-овқат ва дори дармонлар сотиб олиш билан чекланмоқда. Мамлакатда туризм соҳаси бутунлигича йўқолди. Боғдоддаги кўпчилик тарихий ёдгорликлар ва меъморий обидалар АҚШ бомбардимонлари ва кейинчалик жангарилар билан бўлган тўқнашувларда вайрон қилинди. 

Ижтимоий соҳада ҳам фақат чекинишлар кузатилди. Мактаб ва бошқа ўрта-олий билим юртлари бомбардимонлар натижасида вайрон бўлди. Жангарилар ва радикал-исломий кучларнинг ҳужумидан бир неча бор ўқитувчиларнинг қатл этилиши кузатилди. Мамлакатда хадиксираш кайфияти ҳукм суриши оқибатида халқ таълимида кучли чекиниш кузатилди. Тиббиёт соҳаси ҳам деярли шу аҳволга тушди. Ҳозирги кунда Ироқнинг Боғдоддан бошқа шаҳарларида тез-тиббий ёрдам кўрсатиш тизими бутунлай йўқ қилинди. Боғдоддаги тиббий марказлар ҳам асосан Халқаро инсонпарвар ташкилотларнинг қўллаб қувватлаши натижаси ўлароқ фаолиятларини аранг давом эттирмоқдалар. Ироқда бугунги кунда ўғирлик, талон-тарож ва босқинчилик авжига чиққан. Мамлакатда қайсидир бинога ўт қўйилиши ёки автомобилнинг портлатилиши каби хабарлар кундалик одат тусига кирган. Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш ҳодимлари, ўзларининг Саддам Ҳусайн давридаги назоратини ва обрўларини йўқотганлар. Бир неча бор жангариларнинг маҳаллий полиция нуқталарига ҳужуми, умумий тарзда полициячилар руҳиятига салбий таъсир кўрсатган. 

Диний жиҳатдан ҳам мамлакат Саддам Ҳусайн давридаги дунёвий тизимни қўмсаётганини яширмаяпти. Саддам режимида тинч-тотув яшаб келаётган турли дин ва мазҳаб вакиллари бугунги кунда мамлакатда диний-фуқаролар урушини келтириб чиқариши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шиа имомларининг ўлдирилиши, сунний аҳолига Шиа ҳукумати томонидан тайзиқлар ва христиан аҳолига тажовузлар бугунги кундаги Ироқнинг парокандалигини янада кучайтирмоқда. Бир томондан Эрон Шиаларни қўллаб қувватлаб уларга ёрдам ажратишда давом этаётган бўлса, бошқа томондан араб шайхлари сунний радикалларни қуроллантиришда ва молиялаштиришда давом этмоқдалар. Бу можароларда ҳукумат тартибга солувчи куч сифатида эмас, балки Шиалар манфаатларини устун қўяётган ташкилот сифатида яққол кўзга ташланмоқда. 

2013 йил июл ойи Ироқ учун айниқса «ўлимга бой» бўлди. 1000 кишидан ортиқ киши охирги ойда можаролар оқибатида ўлим топганлиги эълон қилинди. Бу сон 2008 йилдан буён энг катта кўрсаткичдир. Бундан ташқари умумий ҳисобда Яқин Шарқдаги тартибсизликлар кучайишда давом этмоқда. Бу эса можароларнинг бир бирига туташиб халқаро тус олиши эҳтимолини четлаб ўтмайди.

Ҳўш қандай келажак кутмоқда Ироқни? Ҳаммамизга маълумки АҚШ ва Буюк Британиянинг интервенцияси Саддам Ҳусайн режимининг ҳеч қандай оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқарганини ёки сақлаганлигини исботламади. Лекин Ироқ халқига бу «гумон» жуда қимматга тушди. Лекин бу масаланинг расмий-сиёсий томони. Агар масалага прагматик жиҳатидан ёндашсак ва АҚШнинг стратегик жиҳатдан ҳам ўз мақсадларига эриша олмаганини ҳисобга олган ҳолда, Ироқ урушини бемалол «фойдасиз» уруш дея баҳолашимиз мумкин. Нафақат «фойдасиз», балки АҚШ ва дунё ҳамжамияти учун ҳам салбий аҳамиятга эга бўлган уруш деб атасак муболаға бўлмайди. Саддам Ҳусайн даврида терроризмдан бутунлай ҳоли бўлган Ироқ, бугунги кунда унинг энг муҳим ўчоқларидан бирига айланиб бормоқда. Ташқи кучларнинг сиёсий ўйинлари оқибатида бу ҳудуд келажакда ҳар-хил тўқнашув ва можароларни импорт қилувчи мамлакатга айланиши мумкин. Ироқнинг парчаланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас, лекин бу ҳолат ташқи актёрларнинг позицияларини ўзгариши билан боғлиқ. Жумладан бугунги кундаги Сурия ва Араб дунёсидаги бўлиб ўтаётган можаролар, ҳали ҳам маълум нуқтага ва маълум натижага олиб келмади. Араб дунёси Исломийлаштириладими? Демократиялашадими? Авторитер ва Тоталитар тизимга ўтадими? Бу саволлар ҳозирча ноаниқ. Лекин бу ўзгариш бутун араб дунёсига жумладан Ироққа ҳам таъсир қилмасдан қолмайди. Қандай натижа бўлишидан қаътий назар АҚШ ва Ғарб кучларининг Араб дунёсидан узоқлаштиришни гувоҳи бўлишимиз эҳтимолга яқинроқ.

Муаллиф: Geopolitika.uz

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан