Халқ орасида кўпчилик ёзувчи ва шоирларнинг савлатидан уларни катта-катта қалам ҳақи олади, деб хаёл қилишади. Ростдан ҳам шундаймикан?
Гонорар нима?
Гонорар сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, ҳонорариум, яъни хизмат эвазига мукофот, деган маънони англатади. Ўзбек тилида бу сўзнинг муқобили “Қалам ҳақи” деб ҳам юритилади. Гонорар бадиий, мусиқий, илмий асарлар, кашфиётлар ва бошқа ижодий маҳсулотлар муаллифига тўланадиган пул мукофоти ҳисобланади. Шунингдек, гонорар муаллиф асарларидан фойдаланганлик ёки чоп этганлик учун унинг ворисига ҳам тўланиши мумкин. Гонорар – бу қонуний ёки одатий равишда талаб қилинмайдиган хизматлар учун шахсга бериладиган ихтиёрий тўлов бўлиб, одатда ақлий меҳнат харажатларини қоплаш учун ишлатилади. Гонорарга одатда солиқ солинадиган даромад тури сифатида қаралади.
Европада ёзувчи ва шоирлар қанча гонорар олишади?
Америка қўшма штатлари ва Буюк Британияда ёзувчи ва шоирлар яхши даромад топишади. Шу боис уларнинг кўпчилиги мамлакатимиздаги ёзувчи ва шоирлар сингари бошқа соҳаларда фаолият юритишмайди. Яъни фақат ижод билан машғул бўлишади. Бу давлатларда қалам ҳақи ёзувчи ва шоирларнинг фаолият стажига ва муваффақиятига бевосита боғлиқ ҳолда тўланади. ЖУМЛАДАН:
Биринчи категория бўйича: 1 йилгача иш стажига эга бўлган ёки 15 ойлик маошидан келиб чиққан ҳолда муаллифларга йилига 25-30 минг долларгача қалам ҳақи тўланади, дея маълумот бермоқда инвестопедиа. sом электрон нашри. Бундан ташқари, байрам ва алоҳида нишонланадиган кунларда ёзувчи ва шоирларга қўшимча иш ҳақи ва бонуслар тўлаб борилади.
Иккинчи категория бўйича: 1-4 йиллик иш тажрибасига эга бўлган ёзувчи ва шоирлар бошланғич даромади ўртача 49 156 АҚШ доллари миқдорида гонорар олади.
Учинчи категория бўйича: 5-9 йиллик иш тажрибасига эга ўрта мартабали ёзувчи ўртача 48,691 АҚШ доллари миқдорида гонорар олади.
Тўртинчи категория бўйича: 10-19 йиллик тажрибага эга тажрибали ёзувчи ва шоирлар 75 000 АҚШ доллари миқдорида гонорар олади. Бешинчи категория бўйича: 20 йил ва ундан юқори иш стажига эга бўлган ёзувчи-шоирлар ўртача 84,500 АҚШ доллари миқдорида гонорар оладилар
Чет эл ёзувчи ва шоирлари қанча солиқ тўлашади?
Машҳур етти қисмли “Гарри Поттер” фантастик романлар тўплами муаллифи Жоанн Кетлин Роулинг Британиянинг энг катта солиқ тўловчиларидан бири ҳисобланади. Британия газеталар уюшмасининг нашри даилймаил.sо.ук нинг 2020 йил 27 январдаги хабарига кўра, Жоанн Роулинг ўтган йиллар мобайнида ўз асарлари учун олган даромадидан 100 миллион фунт стерлинг миқдорида солиқ тўлаган бўлиб, унинг 2019 йилдаги солиқлари миқдори 48,6 миллион фунт стерлингни ташкил қилган.
Шундан, адиба даромад солиғи ва миллий суғурта учун деярли 47 миллион фунт стерлинг тўлаган. Қолган 1,6 миллион фунт стерлингни ўзининг электрон китоблари ва бошқа асарларини рақамли кўринишда тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланадиган “Поттерморэ” электрон нашриёти учун бизнес солиқлари кўринишида тўлаган. Даҳшат, триллер, илмий фантастика, фантазия, тасаввуф, драма сингари турли жанрлардаги асарлари билан танилиб, “даҳшатлар қироли” лақабини олган америкалик ёзувчи Стивен Эдвин Кинг ҳам ўз гонораридан йирик миқдорда солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади.
Стивен Кинг Америка солиқчилик тизимини қораловчи сифатида ҳам яхшигина танилган бўлиб, унинг “Мен бойман, менга солиқ сол” номли кинояли публицистик мақоласи мунозарали баҳсларни келтириб чиқарган. “Бойларнинг кўп солиқ тўлаши, афсуски ҳеч нарсани ўзгартираётгани йўқ. Глобал исиш ҳамон давом этмоқда ёки бизнинг солиқларимиз бензин нархини битта қизил тийинга бўлса ҳам туширгани йўқ. Американинг миллий мажбуриятлари қониқарсиз, солиқ тўлаймизу, яна таълим олиш учун мактабга пул тўлаймиз, соғлигимизни йўқотсак, суғурта учун яна пул тўлаймиз” – дея фикр билдирган у Флорида штатида бўлиб ўтган митингда. Бироқ шунга қарамай Америка федерал солиқ хизмати ёзувчи гонораридан 4 миллион доллар (2,5 миллион фунт) миқдорида даромад солиғи ундирган. Шундай қилиб, Стивен Кинг ўз даромадидан 2019 йилда 28 фоиз атрофида солиқ тўлаган. Асли ҳиндистонлик Америка фуқароси “Обама ғазабининг илдизлари”, “Америка: Дунёни онасиз тасаввур эт”, “Хиллари Америкаси” ва “Миллатнинг ўлими” асарлари ва “Оскар” мукофоти совриндори Динеш Д’Соуза ҳам бугунги куннинг энг йирик солиқ тўловчи ёзувчиларидан бири.
У 2012 йилги Америка Қўшма Штатлари Сенатидаги сайлов кампаниясига ноқонуний “Сомон донори”ни ишлатишда айбдор деб топилган ва саккиз ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Беш йиллик синов ва 30 минг доллар жаримадан сўнг, ёзувчи 2018 йилда Президент Дональд Трамп томонидан афв этилган. “Хиллари Америкаси” асари экранлаштирилгандан кейин, демократик партиянинг махфий тарихи тезда АҚШнинг кассасида йилнинг энг йирик ҳужжатли фильмига айланиб, дастлабки ўн кунлигида 5,2 миллион доллар маблағ жамғарган. Д’Соуза ушбу фильм сценарийсидан 3,8 миллион доллар гонорар олган ва Америка федерал солиқ кодексига мувофиқ 28 фоиз солиқ тўлаган. Эрнест Хемингуэй давридаги солиқ тўловчилар, хусусан ёзувчилар ва даромади ўзгарувчан бошқа кишиларга солиқ ставкалари бугунги стандартлар бўйича жуда юқори бўлган. 90 фоиздан ошган ставкалар натижасида федерал даромад солиғи 1930, 1940 ва 1950 йилларнинг юқори даромад олувчиларига доимо ташвиш бўлиб келган. Шу сабабли, Хемингуэйнинг шахсий ёзишмаларида солиқ ва солиққа оид масалалар мунтазам муҳокама қилиниб, ҳатто баъзи романларига кириб бориши ажабланарли эмас. Хемингуэйнинг Ички даромад кодексида аксарият солиқ тушунчалари билан шуғулланганлиги ёки ёзганлигини намойиш этади. Кодексдаги тушунчалар оддий фуқаролик масалаларидан тортиб, жиноий масалаларга қадар, нима солиқ солиниши ёки қилинмаслиги, даромадлар қандай солиқ солиниши ва қачон солиқ солиниши ҳақидаги саволларгача бўлган.
Хемингуэйнинг бундай тушунчалар тўғрисидаги ёзма кузатувлари шуни кўрсатадики, солиқ унинг профессионал ва шахсий ҳаётида жуда муҳим роль ўйнаган. Ушбу ролни қандай аниқ тасвирлаш масаласи солиқ қонунчилигидаги кенг ва хилма-хил принциплар билан мураккаблашади. Муаллифнинг активлари бухгалтерия ҳисобида уч тоифага бўлинган – акциялар ва облигациялар (418,933 доллар), турли мулк (801 766 доллар) ва ипотека, ёзув ва нақд пул (189,611 доллар). Дафн маросими ва маъмурий харажатлар учун 62 545 АҚШ доллари ва қарзлар учун 58,529 АҚШ доллари чегириб ташланганидан кейин тузатилган ялпи мулк 1,289,336 долларни ташкил этган. Эрнест Хемингуэй вафотидан сўнг, унинг асарларига берилган гонорарлардан тўпланган 1 миллион долларга яқин маблағ беваси Мерига мерос қилиб қолдирилган бўлса-да, Хемингуэй хоним тузатилган ялпи мулкнинг ярмини ёки 644, 618 доллар маблағни олишга муваффақ бўлган. Мероснинг иккинчи ярми эса Федерал ва штатлар ҳукуматлари томонидан мулк солиғи ва даромад солиғи сифатида ушлаб қолинган.
Ўзбекистон ижодкорлари қанча гонорар олишади?
Ўтган йиллар давомида муаллифлик ҳақи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 январдаги “Муаллифлик ҳақи ва бошқа ҳақ тўлаш турлари ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан тўланиб келинар эди. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги “Маданият ва санъат ташкилотлари, ижодий уюшмалар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ китоб муаллифларига бериладиган қалам ҳақи 85 фоизга кўпайди. Бу ставкалар асосида айниқса, болаларга мўлжалланган асарлар учун қалам ҳақи 2,5 баробарга оширилди.
Мисол учун, мактабгача ва кичик ёшдаги болалар учун насрий асарга буюртма берган нашриёт китобни 20 минг нусхада чиқарадиган бўлса, нашриёт муаллифга табоғи учун 2 миллион 66 минг 880 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ёзувчига қалам ҳақи белгилайди. 20 минг нусхадан кам бўлмаган шеърий китоб муаллифига ҳар бир сатр учун 8 минг 610 сўмдан кам бўлмаган миқдорда қалам ҳақи тўланади. Илгари нашриётлар томонидан бадиий асарлар учун 5 коэффициент кўрсаткичида муаллифларга қалам ҳақи ҳисобланган бўлса, эндиликда коэффициент кўрсаткичи саккизга оширилди. Бу бадиий асарларга қалам ҳақи бериш миқдори ҳам қарийб 2 баробарга кўпайди, дегани. Эҳтимол бу барча нашриётларга тегишли эмасдир, лекин назаримда юқоридаги гонорарлар фақат қоғозда холос.
Қиёсий таҳлил
Европа давлатларида 1 саҳифа ижодий материал учун 700-1400 долларгача гонорар берилар экан. Шахсий сўровномамга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда ўртача газета ва журналларда чоп этилган бир саҳифа материал учун 60 дан 100 минг сўмгача бўлган миқдорида гонорар тўланади. Жумладан, 2021 йилда “Бекажон” оилавий газетаси чет муаллифларига бир саҳифа материал учун 50-60 минг сўм миқдорида, Ўзбекистон ёшларининг адабий-ижтимоий “Ёшлик” журнали эса бундан 1 йил олдин 50-70 минг сўм миқдорида қалам ҳақи тўланган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Европада биринчи категория бўйича энг кам гонорар оладиган ижодкорнинг 1 та китоби қалам ҳақига 10 минг килограмм гўшт ёки 25 та буқа сотиб олса бўлар экан. Ўзбекистонда эса ижодкор бир йил умрини бағишлаган 20 минг нусхадаги 5 босма табоғи (мисол тариқасида) учун китобининг 13 миллион 344 минг сўм гонорар олган деб ҳисоблайдиган бўлсак, бугунги кунда 225 килограмм гўшт ёки 1 дона буқа олишга қурби етар экан, холос. Кўпчилик ёши улуғ ижодкорлар ёш ёзувчи-шоирларга қалам ҳақига қизиқмасликни тавсия қилади. Бу ҳам бир жиҳатдан тўғри, манфаат учун қилинган ижод руҳсиз бадандек жонсиз бўлади. Бироқ танганинг бошқа томони ҳам бор, боласи оч қолиб чирқиллаб йиғлаб турган бўлса, бир бурчакка ўтириб олиб қоғоз қоралаш қайси ижодкорнинг кўнглига сиғади?
Ўзбекистонлик ижодкорлар ўз гонораридан қанча солиқ тўлайди?
Бизнинг солиқчилик тизимимизда гонорар олувчилар (ёзувчи, шоир, олим, мусиқачи, режиссёр ва ҳоказо)ларга олган гонораридан солиқ олишда имтиёзлар кўзда тутилмаган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази Сирдарё вилоят ҳудудий филиали бўлим бошлиғи Умурзоқ ЧОРШАНБАЕВ. – Бизда гонорар олувчилар даромад кўрган шахс сифатида қаралади ва Солиқ кодексига мувофиқ ўз фойдасининг 12 фоизи миқдорида даромад солиғи тўлайди. Мисол учун, ёзувчи бир саҳифа учун 100 000 сўм гонорар олса 12 000 сўм миқдорида даромад солиғи тўлайди. Тўғри, АҚШда Хемингуэй даврида ундирилган солиқлар олдида бизнинг солиқлар арзимас миқдордир, лекин тўланаётган гонорарлар ҳам улар олган гонорар олдида арзимас чақада.
Хулоса ўрнида...
Ўзбек адабиётининг етук намояндаларидан бири Ўзбекистон халқ ёзувчиси, раҳматли Тоҳир Малик интервьюларининг бирида 100 минглаб нусхада чоп этилган, машҳур кўп қисмли “Шайтанат” китобининг “қалам ҳақи – бир қоп пиёз”, қийматига тенг бўлганлигини гапириб ўтганди. Яна бир етук ёзувчимиз олган гонорарини ҳажв қилиб, ҳисоб-китоб сўнгида олган қалам ҳақи битта сўзга бир тийиндан тўғри келишини айтиб, “бизнинг сўзимиз бир тийин”, деб ҳажв қилганди.
Бугун ҳаминқадар яхши, ижодкорларга муаллифлик ҳақи тўловлари 85 фоизгача оширилиб тўланиши белгилаб қўйилди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Тўғри, давлат нашриётлари муаллифга белгиланган миқдорда гонорар тўлаётгандир, лекин ўзининг ходимига ойлик тўлашга қурби етмаётган, зўр-базўр обуна пулига кун кўриб келаётган газета, журналлар чет муаллифларига қалам ҳақини қаердан олсин? Очиғини айтганда, бизнинг нашриётлар гонорар у ёқда турсин, маълум бир тўлов эвазига муаллифнинг китобини чоп этиб беришса ҳам катта гап.
Абдулла ЧИМИРЗАЕВ, журналист.