Дунёдаги энг арзон 5G-смартфони тақдим этилди (тавсиф+фото)

Дунёдаги энг арзон 5G-смартфони тақдим этилди (тавсиф+фото)

Аввалроқ, Xiaomi корпорациясининг арзон суббренди ўзининг энг арзон 5G-смартфони – Redmi K30i (ёки Redmi K30i 5G) моделини тақдим этган эди. Лекин бешинчи авлод уяли алоқа тармоғида ишловчи, нархи уникидан ҳам паст бўлган телефонни Huawei намойиш қилди.

Huawei Enjoy Z 5G номини олган янги қурилма айни дамда дунёдаги энг арзон 5G-телефон бўлишдан ташқари, хитойлик гигантнинг ўз ишланмаси – Kirin чипсети қўлланмаган ягона 5G-смартфони ҳамдир. Уни тайванлик чипсоз – MediaTek компаниясининг Dimensity 800 процессори базасида тайёрлашган.

Смартфон дисплейи 6,5 дюймлик, тасвир аниқлиги эса 2400х1800 пикселга тенг. Унда кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, сенсор қатламининг янгиланиш частотаси эса 180 герцга тенг. Экран тепасида 16 мегапикселлик селфи-камера учун томчисимон кемтик мавжуд.

Huawei Enjoy Z 5G бош камераси сунъий идрокка ва учта модулга эга: 48 мегапикселлик асосий датчик (f/1.8), кенг бурчакли 8 МПлик сенсор (f/2.4) ҳамда 2 МПлик макрокамера (f/2.4).

Янги смартфоннинг 4000 мА/соатлик аккумулятори USB Type-C порти орқли 22,5 ваттлик тезкор қувватлана олади. Huawei уни Android 10 операцион тизим талқини базасидаги EMUI 10.1 график қобиғи билан чиқарган.

Enjoy Z 5G жойлашувни аниқлаш учун GPS/GLONAS/Beidou/A-GPS модулига, симсиз алоқанинг Dual 4G VoLTE, Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac ҳамда Bluetooth 5.1 интерфейсларига эга. Унинг бармоқ изи сканери корпуснинг ён қиррасига ўрнатилган.

Huawei бу гаджетини Dark Blue, Sakura Snow Clear Sky ҳамда Magic Night Black рангли корпусларда, 1 июндан сота бошлайди. Тезкор/ички хотираси 6/64 гигабайтлик Enjoy Z 5G учун компания ўз юртида атиги 238 долларга тенг нарх белгилаган. Хотираси 6/128 гигабайтлиги учун 266 доллар сўралаётган бўлса, 8/128 гигабайтлиги 308 доллар туради.