2020 йилнинг 5-7 феврал кунлари Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилаётган 28 мева ва сабзавотларнинг халқаро савдоси ва логистикаси ярмаркаси “Fruit Logistica”да Қишлоқ хўжалиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда республикадаги қатор ишлаб чиқариш компаниялари ва фермер хўжаликлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар қилди.
1993 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинадиган ушбу ярмарка дунёдаги янги маҳсулотлар савдоси учун энг катта майдон ҳисобланади. Анъанавий тарзда дунёнинг этакчи қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва озиқ-овқат саноати корхоналари иштирок этадилар. Кўргазмадаги маҳсулотлар қаторига қайта ишланмаган сабзавот ва мевалар, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, зираворлар, гуллар ва бошқалар киради.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти 200 квадрат метрдан ортиқ бўлган ягона миллий стендда намойиш этилади.
Ўзбекистон делегациясининг Берлинга ташрифи доирасида Германия, Нидерландия, Франция ҳамда Болтиқбўйи давлатларининг етакчи импорт компаниялари билан учрашувлар, музокаралар ташкил этиш кўзда тутилган.