Коронавирус васвасаси: дунёни масонлар бошқарадими?

Коронавирус васвасаси: дунёни масонлар бошқарадими?

Коронавирус фақат тиббий жиҳатдан зарарли бўлиб қолмай, унинг васвасаси ақлни ҳам заҳарлайди.

Айни васваса гирдобида "Буни дунёдаги фалон кучлар (яҳудийлар, масонлар, яна алламбалолар) ўйлаб топган. Мақсад – бойликларни бўлиб олиш, халқларни қул қилиш", деган қуруқ, асоссиз ваҳима ва пуч назариялар яна бош кўтарибди.

Ҳар нарсани яҳудийлар, масонлар ва яна аллақандай кўринмас кучларга боғлаш – ожизлик белгиси. Нафақат жисмоний, балки руҳий ва ақлий ожизлик ҳам. Қолаверса, бундай фикрлаш охир-оқибатда: "Дунёни Аллоҳ эмас, фалончилар бошқаради", деган ширкий эътиқодга олиб боради. Худди юз йиллар аввал эртакка ишонадиган, дин ва дунё илмидан мосуво жоҳиллар "Дунёни қутблар бошқаради", деб кўкнори чекиб, кайф қилиб юрганидек.

Ундан кўра, динни ўрганайлик – бундай васвасалардан четда бўламиз. Аллоҳ Таъоло

"Албатта, барча иш Аллоҳникидир", ("Оли Имрон" сураси, 154-оят) ва

"Огоҳ бўлинг, (барча махлуқларни) яратиш ва буюриш (дунёни бошқариш) Уникидир" ("Аъроф" сураси, 54-оят), деган.

Дунёни ўрганайлик – Аллоҳ Таъоло барча нарсани сабабларга боғлаб қўйганини биламиз. Билимимиз ошгани сари бундай офатлар, балолар қандайдир кўринмас кучлар воситасида эмас, айнан ўзимизнинг ҳам иштирокимиз бўлган қайсидир хатолар (илм-фандан ортда қолиш, тарихда ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқармаслик) эвазига бошимизга келганини тушуниб етамиз.

Аммо энг осони: фитна назарияларига берилиш. Яъни, ким ўзини дунёда яҳудийлар, масонлар ҳукмрон эканлигига ишонтира олса, уёғига жиддий ҳаракат қилмаса ҳам бўлади – ҳар қандай муаммога ўшаларни айбдор қилиб, қўлни совуқ сувга урмай юриш мумкин:

  • – Фалон соҳада кашфиёт қилайлик, биз мусулмонлар ҳам ривожланайлик.
  • – Э, қўйсанг-чи, масонлар бунга йўл бермайди.
  • – Фоизсиз қарз берадиган жамғарма (банк) очайлик.
  • – Яҳудийлар бунга йўл бермайди...

Масонлар, яҳудийлар нимадир қилаётгандир, муваффақиятга эришаётгандир, бошқаларга йўл ҳам бермаётгандир, балки. Аммо буларнинг барчасига сабаб уларнинг қаршисида "масонлар", "яҳудийлар" деган кўринмас куч йўқлигида деб биламан: "Ниманидир қилишга бел боғладикми, қилиш керак".


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.