Дунёнинг энг зўр боксчилари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди (фото)

Дунёнинг энг зўр боксчилари Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди (фото)

9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳри бокс бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилди. 20-бор ўтказилган мазкур мусобақада дунёнинг 78 мамлакатидан 400 га яқин боксчи иштирок этди. Қувонарлиси, унда қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини жамғариб, мазкур жаҳон чемпионатини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлади. Бугун делегациямиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Бу ҳақда Олимпия қўмитаси хабар берди.

Боксчиларимизни кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Ачилбай Раматов ҳам иштирок этиб, йигитларимизнинг жаҳон чемпионатидаги бундай муваффақиятли иштироки билан қутлади ва Токио Олимпиадасида ҳам шундай зафарли ғалабалар тилаб қолди.

Маросимда, шунингдек, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти, кўплаб жамоат ташкилотлари, спортчиларимизнинг яқинлари ва юзлаб бокс ишқибозлари қатнашди. Маросимда боксчиларимиз номидан Баҳодир Жалолов сўзга чиқди.