ДХА «Сирли мижоз» ва рейд тадбирлари натижасида 21 нафар ходимини ишдан бўшатди

ДХА «Сирли мижоз» ва рейд тадбирлари натижасида 21 нафар ходимини ишдан бўшатди

Маълум қилинишича, Давлат хизматлари агентлиги директори томонидан 2020 йил 20 февралда «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигида коррупцияга қарши тизимнинг мақсадли кўрсаткичига эришиш» бўйича 100 та банддан иборат Йўл харитаси тасдиқланиб ижрога қаратилган.

Шунингдек, KPMG мутахассислари томонидан «Агентлик тизимида коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувига қарши курашиш» мавзусида Агентлик марказий аппарати ҳамда раҳбарият учун шунингдек, ҳудудий бошқармалари ҳамда давлат хизматлари директорлари учун вебинар шаклида тренинг ўтказилди.

Марказий аппарат учун ўтказилган вебинар тренингда 60 нафарга яқин, ҳудудий бошқармалар учун ўтказилган вебинарда 250 нафарга яқин ходимларнинг иштироки таъминланди.

Шу билан бирга, фуқароларнинг давлат хизматлари марказлари фаолиятида коррупцияга дахлдор мурожаатларини тўғридан-тўғри Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларига етиб боришини таъминлаш мақсадида, давлат хизматлари марказларида коррупцияга қарши курашиш бўйича «тўғридан-тўғри алоқа қутилари»ни ўрнатиш шунингдек, ушбу қутилар ёнида «коррупция ҳолатлари бўйича шубҳа ёки фактлар юзасидан мурожаат қилинг» каби эълонларни ёзиб қўйиш бўйича топшириқ берилган.

Ҳозирда ушбу қутилар республика бўйича 7 та (Сирдарё, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Хоразм, Фарғона) вилоятларининг туман (шаҳар) давлат хизматлари марказларида ўрнатилган. Қолган вилоятларда карантин ҳолати сабабли ишларни якунлаш ортга сурилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғига асосан, Адлия органлари ва муассасалари ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Ушбу Низомда Агентлик тизимида ишлаётган ходимларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш мақсадида ҳамда уларнинг коррупцияга мойиллик даражасини аниқлаш мақсадида мунтазам равишда «сирли мижоз» тадбирларини ўтказиш ҳамда аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича Агентликка зудлик билан хабар бериш тартиби жорий қилинган.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат хизматлари марказларида ўтказилган «сирли мижоз ва рейд» тадбирлари давомида қуйидагилар аниқланган:

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика миқёсида 151 та «Сирли мижоз», 377 та рейд, 2 минг 99 та профилактик суҳбатлар ҳамда 1 минг 342 та ходимлар билан савол-жавоблар ўтказилган.

Ўтказилган «Сирли мижоз» тадбирлари натижасида 172 та огоҳлантириш, 24 та ҳайфсан ва 15 та жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган. «Сирли мижоз»тадбирлари натижасида 13 нафар ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Ўтказилган Рейд тадбирлари натижасига кўра 286 та огоҳлантириш, 30 та ҳайфсан ва 24 та жарима интизомий жазо чоралари қўлланилган. Рейд тадбирлари натижасида 8 нафар ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.