ДХХ Чегара қўшинлари Фарғонада ниқобли ҳарбий хизматчилар томонидан фуқароларга нима учун жисмоний куч ишлатилганига изоҳ берди

ДХХ Чегара қўшинлари Фарғонада ниқобли ҳарбий хизматчилар томонидан фуқароларга нима учун жисмоний куч ишлатилганига изоҳ берди

Тармоқда ниқобли чегара қўшинлари аскарлари дейилаётган шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир ўсмирни калтаклагани видеоси тарқалгани хабар берилган эди.

ДХХ Чегара қўшинлари Фарғона вилояти Хосилот чегара олди аҳоли пунктида содир бўлган воқеа юзасидан муносабат билдирди:

"Чегара қўшинлари вакилининг аризасида таъкидланишича, 10 ноябрь куни тахминан соат 17:00 да видеода тасвирланган Фарғона туманидаги Хосилот аҳоли пунктида чегарачилар наряди ‘Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида’ги қонунининг 39-моддасига кўра, хизмат вазифасини ўтаган.

Кўрсатилган вақтда ҳудудга ‘40 G 014 КА’ давлат рақами ўрнатилган Nexia-2 машинасида Умиджон Саиджонов ва Абдурасул Фозилов исмли фуқаролар чегарачиларнинг тўхташ тўғрисидаги буйруғига бўйсунмасдан, катта тезликда чегара нарядини бузиб ўтишга уринган.

Орадан бироз вақт ўтгач, юқорида исми келтирилган фуқаролар, чегарачилар қаршисида тўхтаб, можаро келтириб чиқаришга уринган, уларни ҳақорат қилган ва маҳаллий аҳолини тўплаб ҳарбий хизматчиларнинг қонуний талабларига бўйсунмаган. Бу орқали улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 196-1-модда 2-қисмини (‘Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ва уларнинг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш’) бузган.

Шундан сўнг, видеода кўринганидек, фуқаролар чегарачилар нарядининг талабларига бўйсунмай, ноқонуний ҳаракатларни бостириш учун қурол ва махсус воситалардан фойдаланишни тартибга солувчи ‘Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисидаъги қонуннинг 43-моддаси ва ‘Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати’ қонунининг 44-моддасига кўра, чегара тартибини бузган фуқаролар Умиджон Саиджонов ва Абдурасул Фозилов жисмоний куч ишлатилган ҳолда ушланган.

Қўлга олингандан кейин уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари, шунингдек, автоуловни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар йўқлиги маълум бўлган. Натижада қўлга олингандан сўнг, ушбу шахслар тегишли тартибда кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда ички ишлар органларига жўнатилган.

Таъкидлаш керакки, фуқаро Умиджон Саиджонов бундан олдин бир неча бор чегарачилар томонидан Давлат чегарасини бузиш ва турли хил инвентаризация буюмларини ноқонуний равишда олиб ўтиш ҳолатлари бўйича қўлга олинган. Хусусан, 2016 йил 31 октябрда Умиджон Саиджонов Ўзбекистон ҳудудига қарийб 8 миллион сўмлик 3175 дона тақиқланган волфрам лампочкаларини олиб ўтишга уринганида ушланган.

2018 йил 7 январь куни эса худди шу ҳудудда Tico автомашинаси орқали 18 миллион сўмлик парфюмерия товарларини олиб ўтаётганида қўлга тушган.

Абдурасул Фозилов эса 2019 йил 10 ноябрь куни мазкур ҳудудда Давлат чегарасини бузганлиги учун қўлга олинган. Барча ҳолатларда ҳам тегишли далолатномалар тузилиб, улар Фарғона вилояти ИИБга юборилган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, илгари ушбу ҳудудда маҳаллий контрабандачилар қўрқитиш ва жиноят содир бўлган жойдан яшириниш мақсадида чегарачиларга бир неча бор босим ўтказишга уринган.

Шу каби босимлар оқибатида 2010 йилда ҳарбий хизматчи Н.Эгамов, 2012 йилда А.Юнусов, 2013 йилда Ж.Аширов Давлат чегарасини қўриқлаш вақтида ҳалок бўлган.

Айни вақтда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда юқоридаги факт бўйича хизмат текширувини ўтказмоқда. Вазиятга ойдинлик киритилгач, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилади.