ДХХ: Ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди

ДХХ: Ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйилди

Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1988 й.т. фуқаро 2015 йилда маҳаллий МЧЖга иссиқхона қуриши учун шаҳар ҳудудидан ажратилган 50 сотих ер майдонига нисбатан эгалик ҳуқуқини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 60 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган мазкур МЧЖ таъсисчиси ҳам қўлга олинди.

Иштихон туманида яшовчи, 1997 й.т. фуқаро эса боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг иш бошқарувчиси билан келишган ҳолда, мазкур хўжаликнинг 8,5 гектар лалми ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 84 млн. сўм олган вақтида ушланди.

Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги мева ва сабзавотларни қадоқлашга ихтисослашган МЧЖ раҳбари 21 сотих ер майдонини тегишли ташкилотлардаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 24 минг АҚШ доллари олган вақтида қўлга олинди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, 1982 й.т. фуқаро ўзганинг ишончига кириб, Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудидан маҳаллий МЧЖга ижара асосида берилган 2,5 гектар ер майдонини мансабдор танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 1 млн. 900 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 12 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ва Департамент ходимлари томонидан ушланди.

Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида яшовчи, 1980 й.т. фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга ўзини гўёки Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида фаолият юритувчи балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг раҳбари сифатида таништириб, ушбу хўжаликнинг 244 гектар ер майдонини юқори лавозимдаги танишлари ёрдамида аукцион савдолари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади. Эвазига 250 млн. сўм олган вақтида ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.

Сирдарё вилояти Ховос туманидаги фермер хўжалик раҳбари 15 гектар ер майдонини 38 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, харидордан аванс сифатида 10 минг АҚШ доллари олган вақтида, бошқа ҳолатда эса 1971 ва 1989 йилларда туғилган, муқаддам судланган икки фуқаро Янгиер шаҳри ҳудудидаги 3 гектар ерни тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахс номига расмийлаштириб бериш эвазига 9 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.