ДХХ ҳарбий хизматчилари шахсларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга ҳаққи борми?

ДХХ ҳарбий хизматчилари шахсларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга ҳаққи борми?

Чегара қўшинларининг телеграмдаги расмий каналида ДХХ ҳарбий хизматчилари қандай ҳолларда жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида маълумот берилди.

ДХХ тўғрисидаги қонуннинг 26-моддасига кўра, ДХХ ҳарбий хизматчиси қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

– жиноятларга ва бошқа ҳуқуқбузарликларга барҳам беришда;

– жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни олиб бориш ва ушлаб туришда;

– ДХХ ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этишда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 ноябр куни Фарғона вилояти, Фарғона тумани, Водил қишлоғида яқинида ниқобли чегара қўшинлари аскарлари шахсларнинг маҳалла ҳудудида машиналарни текшираётгани ва бир ўсмирни бейсбол таёғи билан калтаклагани видеоси тарқалган эди.

Бу воқеа ижтимоий тармоқларда жуда катта норозиликларни келтириб чиқарди.

Мавзуга доир: Фарғонада чегарачилар фуқарони уриб-сўкишга ҳаққи борми?

Шундан сўнг, ДХХ Чегара қўшинлари Фарғона вилояти Хосилот чегара олди аҳоли пунктида содир бўлган воқеага изоҳ берди.

Муносабатда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги ҳарбий прокуратура билан ҳамкорликда юқоридаги факт бўйича хизмат текширувини ўтказаётгани ҳамда вазиятга ойдинлик киритилгач, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилган эди.

Лекин, ДХХ ҳарбий хизматчиларига нисбатан қандайдир чора кўрилгани ва бунинг натижалари ҳақида бир ойдан буён ҳеч қандай хабар берилмади.