Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ДХХ жойларда ер майдонларининг ноқонуний сотилишига қарши тезкор тадбирлар ўтказмоқда
9.04.2022 11:51,  
93

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, маҳаллий қурилиш фирмаларидан бирига 2022 йилнинг декабрь ойига қадар кўп қаватли уйлар қуриши учун Самарқанд шаҳри ҳудудидан ажратилган 1 гектар ернинг ноқонуний сотилишига чек қўйилди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи 4 нафар якка тартибдаги тадбиркор ўзганинг ишончига кириб, ушбу ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 430 минг АҚШ долларидан 250 минг долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланди. 

Нуробод туманида кузатилган ҳолатда эса масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖ балансидаги лалми ер майдонларидан 10 гектарини харидор номига ўтказиб бериш эвазига 250 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтида ушланди.

Самарқанд туманида яшовчи, 1992 й.т. фуқаро ўзини гўёки Ургут туманидаги маҳаллий фермер хўжалик раҳбари сифатида таништириб, харидорга ушбу хўжаликнинг 1 гектар ер майдонини 50 минг АҚШ долларига сотган вақтида, шунингдек, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1989 й.т. шахс ўзи ижара асосида фойдаланаётган Жомбой туманидаги «Мирза-Пай» ирригация тизими бошқармасига қарашли 90 сотих ер майдонини 60 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.

Урганч шаҳрида яшовчи, 1985 й.т. фуқаро 2021 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида замонавий иссиқхона ташкил этиш учун маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга ажратилган 1,5 гектар ерни мазкур МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда, харидор номига расмийлаштириб бериш ҳамда банкдан 2 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит олишида ёрдам бериш эвазига 90 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 80 минг доллар олган вақтларида ушланди.

Хизматнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Риштон тумани ҳокимлиги мутахассиси туман марказидаги 3 сотих бўш ер майдонини мансабдор танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш ва у ерда савдо дўкони қуриши учун рухсат олиб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Шунингдек, Фарғона тумани ҳудудидан интенсив узумчилик йўналишида фойдаланиш учун ижара асосида берилган 1 гектар ер майдонини 15 минг АҚШ долларига сотишга уринган фермер хўжалик раҳбари ҳам қўлга олинди. 

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида қайд этилган ҳолатда эса ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари харидорга мазкур хўжаликнинг 20 гектар ер майдонини 230 млн. сўмга сотишга келишиб, олдиндан 100 млн. сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан