Эксперт хулосаси: «Омикрон» дунёдаги энг юқумли вирус турига айланмоқда

Эксперт хулосаси: «Омикрон» дунёдаги энг юқумли вирус турига айланмоқда

Бугун дунё яна бир глобал хатар билан рўбарў келган. Эҳтиёт чоралари қанчалик кучайтирилмасин, коронавируснинг «омикрон» штамми сарҳадларни «тан олаётгани» йўқ. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг навбатдаги ҳисоботида келтирилишича, янги вариант аниқланган мамлакатлар сони 106 тага етди. Энг ёмони, ушбу мутация «дельта»га нисбатан анча тез тарқалмоқда. 

Масалан, дунёда «омикрон» дан илк ўлим ҳолати бундан 10 кунча аввал Буюк Британияда қайд этилганди. Ҳозирга келиб бу мамлакатда ушбу вариант билан хасталаниб вафот этганлар сони 14 нафарни ташкил этяпти. 

Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах янги штамм тарқалиши туфайли ҳудудда пандемиянинг бешинчи тўлқини бошланганини расман эълон қилди. 

Аммо мазкур хасталик ўчоғи бўлган Жанубий Африка Республикасида бунинг акси кузатиляпти: мамлакатда «омикрон» аниқланган даврда «COVID-19»га чалиниш ҳолатлари қанчалик шиддатли тусда ортган бўлса, ҳозир худди шу суръатда пасайиш қайд этилмоқда. Мутахассислар буни Жанубий Африкада энг юқори чўққидан ўтилди, деб изоҳлашяпти. 

Шунга қарамай, АҚШнинг  «Akron Beacon Journal» нашри «омикрон» қизамиқдан кейин дунёдаги энг юқумли вирусга айланганини ёзди. «Блумберг» нашри эса коронавирус, хусусан, янги штаммни юқтириш хавфи самолётда 2-3 баравар ошади, деган хулосани эълон қилди. 

Бинобарин, россиялик олимлар ўрганишларига кўра, «омикрон»нинг инкубация даври одатда 3-6 кунни ташкил қилади. Бироқ касалликнинг илк белгилари бемор билан алоқа қилган куннинг эртасига ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Қолаверса, ушбу мамлакат тадқиқотчилари янги штамм, айниқса кекса ёшли эмланмаган шахслар орасида оғирроқ кечишини айтишмоқда. Тўлиқ ва қўшимча дозада олинган вакциналар эса инсон организмининг бу вирус турига қарши курашиш самарадорлигини оширади.