Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эмлаш аутизмга сабаб бўладими?
14.11.2019 11:12,  
906

1998 йил 28 февралда тиббиёт журналлари орасида энг машҳури бўлган, Elsevier нашриёти томонидан нашр қилинадиган «The Lancet» (2017 йилги импакт фактори 53,254) (!) илмий журналида британиялик гастроэнтолог Эндрю Вейкфилднинг бир мақоласи чоп этилади. Ушбу мақолада қизамиқ, тепки (паротит) ва қизилча касалликларига (қисқартмаси MMR) қарши болаларга қилинадиган эмлаш эмланган болаларда аутизм касаллигини келтириб чиқариши ҳақида ёзилган эди.

Вейкфилд ўзининг тадқиқот натижалари ҳақида телевизор орқали бутун олам-жаҳонга жар солишга ҳам улгуради. Ушбу мақола ва ТВдаги чиқиш ортида бутун дунё бўйлаб эмлашга қарши кампаниялар юзага кела бошлайди. Ота-оналарнинг аксарияти болаларини ушбу касалликларга қарши эмлатишдан қатъий бош торадилар.

Ушбу баёнотдан сўнг жуда кўплаб лабораторияларда Вейкфилднинг натижалари қайта текширила бошланади, лекин дунёнинг машҳур бирорта ҳам илмий лабораторияси Вейкфилд айтгандек ММР ва аутизм орасидаги боғлиқликни топа олмайди (манба: L. Gross "A Broken Trust: Lessons from the Vaccine–Autism Wars" PLoS Biology).

2002 йилда ярим миллиондан ортиқ аутизм билан оғриган болаларнинг касаллик тарихи синчковлик билан ўрганилади ва улар ичида бирорта эмлаш билан боғлиқ касаллик ҳолати қайд этилмайди (манба: K.M.Madsen et al. A Population-Based Study of Measles, Mumps, and Rubella Vaccination and Autism. N Engl J Med).

2006 йилда эса аксинча аҳоли орасидаги эмлаш миқдорининг камайиши оқибатида аутизм касаллиги билан оғриш ҳолатлари кўпайганлиги ҳақидаги тадқиқот натижалари эълон қилинади.

"The Lancet" журнали Вейкфилднинг мақоласини 2004 йилга келиб қисман, 2010 йилга келиб эса бутунлай ўз манбаларидан олиб ташлайди.

2015 йилда тадқиқотчилар жамоаси 95 мингдан ортиқ аутизм билан оғриш эҳтимоллиги бўлган ёки оғриган болаларни алоҳида ўрганиб чиқишади. Муаллифлар «биз аутизмни айнан нима келтириб чиқараётганлиги билмаймиз, лекин аниқ айтишимиз мумкинки бу ММR эмас» деб таъкидлашади (манба: Anjali Jain et al. Autism Occurrence by MMR Vaccine Status Among US Children With Older Siblings With and Without Autism. JAMA).

2019 йилда 657 минг нафар даниялик болалар устида ўтказилган кўп йиллик тадқиқот натижалари эълон қилинади. Бунда 1990-йиллардан то 2010-йилларгача туғилган ушбу болаларда аутизм касаллиги келиб чиқишининг нафақат ММR вакциналари, балки умуман бошқа бирор вакцинага алоқадор эмаслиги айтилади. Ҳаттоки оиласида ўзидан аввалги ака-опалари аутизм билан оғриган болаларда ҳам эмлаш ва аутизм орасида алоқадорлик учрамагани айтилади (манба: Anders Hviid et al. Measles, Mumps, Rubella Vaccination and Autism: A Nationwide Cohort Study. Ann Intern Med.)

2010 йилда Вейкфилд фирибгарликда айбланади ва бутун умрга Буюк Британия врачлар реестридан ўчирилади. Кейинги суриштирувлардан маълум бўлишича, Вейкфилднинг ишлари эмлашга қарши жамият JABS томонидан молияштирилган бўлиб, мақоланинг асосий хулосалари қалбаки бўлиб чиқади. Ушбу суриштирувлар журналист Брайан Дир томонидан олиб борилади ва якуний натижалар Sunday Times газетасида босилади. Мазкур ҳолатнинг ёлғон эканлиги ҳар томонлама исботлаб берилганлигига қарамай ҳали ҳануз жуда кўпчилик Вейкфилднинг мақоласини асос қилган ҳолда эмлашга қарши боради.

2010 йилда АҚШ да ўтказилган оммавий сўровномалардан маълум бўладики, ҳар тўртинчи ота-она (25%) эмлашнинг у ёки бу тури оқибатида боласида аутизм касаллиги юзага келиши мумкинлигига ишонади.

Ушбу кичик таҳлилий мақолани ёзишдан асосий мақсадим бугун kun.uz сайтида ЮНИСEФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида мамлакатимиз аҳолисининг вакциналарга муносабати юзасидан эълон қилинган ҳисоботи бўлди. Унда айтилишича, Ўзбекистон аҳолисининг 2 фоизи эмлашга бутунлай қарши экан, бу 669 165 нафар киши деганидир (Ўзбекистон аҳолиси 23 апрел 2019 йил ҳолатига 33 млн 458 минг 250 киши деб эълон қилинган эди).

Ҳисоботдан кўринадики, жуда кўпчилик эмлаш тарафдорлари (92%) нинг аксарияти қайси вакцина қайси касалликка қарши иммун тизимини кучайтириши ёки айнан қайси касалликларга қарши эмланиш ҳақида етарлича билимга эга эмас. Ҳар икки ҳолат ҳам жуда ташвишланарлидир.

Мен илм-фан кишиси сифатида жаҳон илмий жамоатчилиги тан олган илмий журналларда чоп этиладиган мақолаларга тўлақонли ишонаман. Улар берган хулосаларга ҳақиқий илмий тадқиқотлар асосида келинади. Инсониятни ҳар қандай фалокатдан қутқара оладиган ягона куч бу илмдир. Лекин мана бундай, илмий хулосаларни рад этган ҳолда эмлашга қарши борадиганларга нима дейиш мумкинлигини ҳам билмайман.

Эмлатиш ёки эмлатмаслик бу ҳар бир кишининг шахсий қарори, буни ҳеч қандай муаммосиз ҳурмат қиламан, лекин бу ерга гап жамият саломатлиги устида кетмоқда. Эмлатмаслик оқибатида юзага келадиган касалликлар сонининг кўпайиши ана ўша эмлашга қарши бўлган кишиларнинг атрофидаги жамият аъзолари ҳаётини хавфга қўйишидан бошқа нарса эмас.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан