Эмомали Раҳмон афғонистонлик тожикларни Афғонистон ҳукуматини тузишда иштирок этишга чақирди

Эмомали Раҳмон афғонистонлик тожикларни Афғонистон ҳукуматини тузишда иштирок этишга чақирди

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош ассамблеясининг 76-сессияси иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида Афғонистоннинг инклюзив ҳукуматини, жумладан, афғонистонлик тожикларнинг иштироки билан тузишга чақирди.

«БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган ‘Толибон’ ҳаракатининг ҳокимиятга келиши минтақада шундоқ ҳам чигал геосиёсий жараённи янада мураккаблаштирди», — деди Раҳмон.

Тожикистон президенти толиблар инклюзив ҳукумат тузиш ҳақидаги ваъдасини бажара олмаганидан афсус эканини билдирган.

Унинг айтишича, афғон жамиятининг барча қатламлари, шу жумладан, афғонистонлик тожиклар иштиiрокидаги мулоқотгина ушбу мамлакатда мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига олиб келиши мумкин.

«Афғонистондаги тожиклар аҳолининг 46 фоизидан кўпроғини ташкил этади, шу сабабли улар мамлакатнинг бошқа этник гуруҳлари қаторида, давлат бошқарувида муносиб ўрин эгаллаш ҳуқуқига эга», — таъкидлади Тожикистон раҳбари.

У Афғонистон халқига нисбатан барча қонунбузарликлар, қотилликлар, талончиликлар ва зулмларни қоралади ҳамда Панжшер вилоятидаги оғир гуманитар вазият ҳақида гапириб, у ерда ҳақиқий гуманитар фалокат содир бўлганини айтди.

Эмомали Раҳмон Тожикистоннинг Афғонистон ички ишларига аралашмаслигини айтиб, «бу мамлакатда ҳукумат тузилишини референдум орқали, шунингдек, мамлакатнинг барча фуқаролари позициясини ҳисобга олган ҳолда аниқлашни» таклиф қилди.