Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллар
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар








Емоқнинг қусмоғи бор
10.08.2022 21:56,  
2299

"Ўзсаноатқурилишбанк"нинг "шоввозлари"ни 750 000 долларлик сохта шартнома қилишга нима мажбур қилган?

Сўнгги вақтларда банк ва мижоз ўртасидаги ихтилофли ҳолатлар ҳақида бот-бот эшитяпмиз. Хусусан, баъзи банклар мижози кредит тўловини бироз кечиктиргани сабабли гаровга қўйилган мулкка дарров эга чиқаётгани ҳатто бу йўлда турли сохта ҳужжатлар тайёрлаб, қинғир-қийшиқ йўллар билан юридик ва жисмоний шахсларни мураккаб вазиятга тушириб қўяётгани ҳам бор гап. Хўш, бу каби салбий ҳолатлар қачон бу қадар илдиз отди? Қайси сабаб, тижорат банкларини "ўз соғин сигири"ни сўйишга мажбур қилмоқда? Ахир бу ўз оёғига болта уриш, ўз қўли билан йиллаб барпо қилган обрўсини лойга қориш эмасми? 

Sof.uz нашрига навбатдаги мурожаат фарғоналик Т.С исмли тадбиркордан келган. Мурожаатда, тадбиркор ўз ишбилармонлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида 2021 йилнинг ноябрь ойида Фарғона шаҳридан юридик шахслар учун мўлжалланган иншоотни харид қилади ва бу олди-сотди ишларини қонунчиликка мувофиқ нотариал тасдиқдан ўтказади. Шундан буён тадбиркор ушбу ҳудуд учун мунтазам равишда мулк ва ер солиғини тўлаб келган.

Ажабланарлиси, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали ходимлари 2022 йил февраль ойида тадбиркор ҳузурига келиб, бу жой энди, уларники эканлигини иддао қилишиб, зудлик билан бўшатиб қўйишни талаб қилишади.

Деярли уч ой давом этган муросасиз тортишув, тушунмовчилик фонидаги курашлардан сўнг, 2022 йил май ойининг 25 санасида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтади. Унда даъвогар Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси “QUVASOY BIZNES SERVIS” масъулияти чекланган жамиятининг манфаатларини кўзлаб жавобгарлар "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банкларга нисбатан ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Манбага кўра, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали — гаровга олувчи, “QUVASOY BIZNES SERVIS” масъулияти чекланган жамияти — қарз олувчи, "Водий Рустамбек неъматлари" масъулияти чекланган жамияти ва "Зохиджон Фозилов боғи" фермер хўжалиги — гаровга қўювчилар томонидан тузилган ва 07.02.2020 йилда Фарғона шаҳар 4-сон давлат нотариал идораси нотариуси М. Исмоилова томонидан реестрга №202000554000964-рақам билан қайд қилинган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.

Даъвогар мазкур даъво аризаси бўйича тайинланган ишни палата вакили иштирокисиз кўриб ҳал этишни сўраган. Шу сабабли, суд ишини ФПКнинг 220-моддасига кўра, даъвогар вакилининг иштирокисиз кўришни лозим топади. Суд мажлисида манфаатдор шахс “QUVASOY BIZNES SERVIS” масъулияти чекланган жамияти вакили А.Гиёсов даъво талабини қувватлаб, ипотека шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини, тақиқи бўлмаганлигини билдириб, даъво талабини қаноатлантиришни сўраган.

Аниқланишича, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали ва “QUVASOY BIZNES SERVIS” масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2020 йил 30 январь санасида тузилган № 02-сонли кредит шартномасига кўра, Хитой давлатида ишлаб чиқарилган газобетон ишлаб чиқариш ва тошни майдалаш ускуналарини сотиб олиш учун 5 йил муддатга, шундан 12 ой имтиёзли давр билан йиллик фоиз ставкаси 6 ойлик ЛИБОР+7,5 устама ҳақ тўлаш шарти билан 750.000 АҚШ доллари миқдорида кредит беришга келишилган.

Суд мажлисида жавобгар вакили "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки вакили У.Шарофиддинов даъво талабини тан олмасдан, беш йил муддатга 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилганлигини, иккита масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган мулклар гаровга қўйилганлигини, кредит ҳисобига сотиб олинган нарсаларни ундирувга берганлигини, даъво талаби қаноатлантирилганлигини, ундирувга қаратилганлигини, нотариусда гаров шартномаси тузилиб, мулк кадастрдан рўйхатдан ўтказилмаганлигини, судга даъво аризаси киритилганидан сўнг кадастрга боришганлигини, кадастрдагилар МИБнинг тақиқи бор деб рўйхатдан ўтказишмаганлигини билдириб, даъво талабини рад этишни сўраган.

Шундан сўнг суд, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Фарғона вилоят ҳудудий бошмақармаси “QUVASOY BIZNES SERVIS” масъулияти чекланган жамиятининг манфаатини кўзлаб жавобгарлар "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали ва "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банкларга нисбатан ипотека шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво талаби қаноатлантирилган.

Шундан сўнг, иш Фарғона туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилади ва Фарғона туманлараро 2021 йил 25 ноябрь кунги 4-1501-2104/5065-сонли иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиш қарори қабул қилинади.

Хуллас гапнинг индаллосини содда қилиб тушунтирадиган бўлсак, "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали ходимлари ипотека шартномасини ғайриқонуний равишда тасдиқлашиб, ушбу кредит шартномасини давлат рўйхатидан ўтказмай, ўз  гумашталарига 750 минг АҚШ доллари маблағини чиқариб беришган. Англаганингиздек, ушбу машмашалар фонида "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали ва тадбиркор Т.С ўртасида юқорида келтирилган зиддият юзага келади.

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида ҳақиқат қарор топиб, фуқаро Т.С нинг ҳақ-ҳуқуқлари тиклаб берилади ва ноқонуний шартнома бекор қилинади.

Аммо халқимизда йиқилган курашга тўймас, деган нақл бор. Ушбу ҳикмат бежизга айтилмаган айни шу жараён "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиали билан ҳам такрорланади. Яъни "Ўзсаноатқурилишбанк" томонидан судга аппеляция шикояти юборилади. Бироқ, 2022 йил 27 июнда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро суди жавобгар "Ўзсаноатқурилишбанк" акциядорлик тижорат банки Фарғона филиалининг давлат божини кечиктириш ҳақидаги илтимосномасини рад этади.

Бир ўйлаб кўринга, нима учун Ўзбекистонда фуқаролар ортиқча маблағларини банкларда сақламайди? Сизнингча, улар бундан яхшигина фойда бўлишини билмайдими?

Бугун қайси банкка қараманг, уларнинг мижозларга бўлган ишончини ифодаловчи ҳар хил рекламаларга дуч келасиз? Бир қадар уларнинг бу тарғиботига ишонгингиз келади. Аммо банкка кириб, бирор ҳужжат тўлдирмоқчи бўлсангиз, думи боғланган ручкалар сизга "бошқа гап"ни айтиб туради.

Хулосани ўзингиздан.

Тавсия Этамиз








Тавсия Этамиз