Энди фуқароларга жавобгарлик белгиловчи нормалар фақатгина қонун билан ўрнатилади

Энди фуқароларга жавобгарлик белгиловчи нормалар фақатгина қонун билан ўрнатилади

Аввал хабар қилганимиздек, “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан Адлия вазирлиги зиммасига қатор қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди.

Жумладан, Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилади.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб:

- хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниши тақиқланади;

- жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилади;

- идоравий қонун ҳужжатларига жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилмайди;

- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди;

- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради.