Энди коммунал тизимдаги лойиҳалар ва тарифлар маҳаллий кенгашлар билан келишилади

Энди коммунал тизимдаги лойиҳалар ва тарифлар маҳаллий кенгашлар билан келишилади

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазиятга тўхталиб ўтди ҳамда биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва мактаб ўқитувчиларини, 65 ёшдан ошган кексаларни гриппга қарши эмлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Коммунал тармоқларнинг барқарор фаолияти аҳоли турмуш сифатини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан. Шу боис давлатимиз томонидан бу масалага доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йил 17 июль куни ўтган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммолар муҳокама қилиниб, ишни янгича тартибда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Шунга мувофиқ, ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимидаги лойиҳаларни тайёрлаш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш, шунингдек, тарифларни белгилашни маҳаллий кенгашлар билан келишиш тартиби жорий қилинмоқда.

Мисол учун, Олмалиқдаги ичимлик суви таъминоти корхонасига қарашли 52 та насос янгиланиши натижасида корхонанинг умумий харажати 22 фоизга, электр энергияси сарфи 2 бараварга қисқарган. Шаҳар аҳолиси сифатли ичимлик суви билан узлуксиз таъминланмоқда. Худди шунингдек, сўнгги 3 йилда амалга оширилган лойиҳалар натижасида Гулистон шаҳрининг ичимлик суви таъминоти масаласи ҳам тўла ҳал бўлди.

Йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ушбу тажриба асосида келгуси йил учун мўлжалланган 28 та янги лойиҳани маҳаллий кенгашлар билан келишиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, жорий йилда якунига етказиладиган 360 та лойиҳани қабул қилиб олиш бўйича топшириқ берилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 2 мингта аҳоли пунктига марказлашган сув етказиб бериш техник жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис бундай ҳудудларни хусусий сектор орқали сув билан таъминлаш маъқул келмоқда.

Мисол учун, Ўзбекистон туманида ижтимоий шериклик асосида қудуқ ишга туширилиб, 6 та узоқ қишлоқдаги 11 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланган эди. Бунга кетган харажатлар 2 йилда ўзини қоплади. Шунингдек, Амударё туманида 8 та сув тозалаш шохобчаси қурилиб, 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 7 та маҳалла тоза ичимлик суви билан таъминланган. Лойиҳа 3 йилда ўзини оқлайди.

Бу тизимнинг қулайлиги шундаки, ичимлик суви объектлари қуриш ва ускуналар харид қилиш учун хусусий секторга кредит берилиб, унинг 14 фоизидан юқори қисмига давлат томонидан субсидия ажратилади. Бугунги кунда кўплаб тадбиркорлар шундай лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирмоқда.