Энди оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал тўлаб берилмайдими?

Энди оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал тўлаб берилмайдими?

Аввал маълум қилинганидек, бугун АОКА штабида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Хотин-қизлар қўмитаси томонидан оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга тегишли ҳокимликлар тавсияси асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадаллар тўлаб берилар эди. Энди бу тоифадаги ёрдамлар тўхтатилдими? Умуман, энди аёллар билан шуғулланадиган орган йўқми?

Жавоб: Хотин-қизлар қўмитаси тугатилган бўлса-да, Оилани ва хотин қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мавжуд. Фонд Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Муҳтож аёлларнинг уй жойининг бошланғич бадалини ўрнатилган тартибда тўлаб бериш амалиёти давом этади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарорига биноан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ажратилаётган арзон уй-жойларга эҳтиёж юқори.

Республикада уй-жой олган хотин-қизлар сони 2018 йилда 1456 та, 2019 йилда 1493 та, 2020 йилда 1586 тани ташкил этади.

2020 йилда Республика бўйича 1586 та уй қурилиши режалаштирилган бўлса-да, лекин 10 000 дан ортиқ уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхатга олинган.

Шундай уй билан таъминланганлар иш ҳақи етарли эмаслиги сабаб кредит тўловини ўз вақтида қоплай олмай, ўта оғир шароитга тушиб қолаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Ҳозирги кунда эҳтиёждан келиб чиқиб, арзон уй-жойлар сонини айнан шу тоифадаги аёллар учун кўпайтириш юзасидан таклифлар берилмоқда.

Оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга уй-жой олишларида кўмаклашиш бўйича айтадиган бўлсак – жорий йил бошидан 370 нафар хотин-қизларга уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадаллар (8666,0 миллион сўм) тўлаб берилди.