Халқ таълими вазирлигида 23 октябрь, чоршанба куни навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Унда умумтаълим мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириши бўйича қилинган таҳлил ва кўрилган чора-тадбирлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама этилган.

Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижаларини тўлиқ кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистондаги хорижий ҳамда чет эл олий ўқув юртларига кириш натижалари ҳам таҳлил қилинган.

Хусусан, «attestst.uzedu.uz» электрон базасидаги барча (282 794 нафар) 11-синф битирувчиларининг номма-ном рўйхати (аттестат рақами асосида) олиниб, бугунги кунда уларнинг қайси олий ўқув юртига киргани, давлат гранти ёки контракт асосида экани, ўқишга кирмаган битирувчиларнинг бугунги кунда ишга жойлашгани ҳақида ҳудудий бошқармалардан тезкор маълумотлар олинган.

Таҳлилларга кўра, 282 794 нафар битирувчидан 34 837 нафари (ёки 12,3 фоизи) олий ўқув юртига қабул қилинган. Уларнинг 25 280 нафари (73 фоизи) республикадаги давлат олий таълим муассасаларига, 2 794 нафари (8 фоизи) Ўзбекистондаги хорижий олий ўқув юртларига, 6 793 нафари чет элдаги хорижий олий ўқув юртларига ўқишга кирган. Шунингдек, битирувчиларнинг 6 958 нафари (28%ҳ фоиз) давлат гранти асосида, 27 879 нафари (72 фоиз) тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган.

Битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш натижаларини ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, биринчи учталикда Тошкент шаҳри (36 фоиз), Навоий вилояти (21,9 фоиз), Бухоро вилояти (18,4 фоиз) ўрин эгаллаган. Қашқадарё (14-ўринда 7,4 фоиз), Жиззах (8,0 фоиз), Андижон (8,2 фоиз) вилоятлари сўнгги ўринларда қолиб кетган.

Шунингдек, бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртига кирмаган мактаблар сони ҳам таҳлил қилинган. Бу борада «антирекордчи» ҳудудлар рўйхатига Қашқадарё (44 та — 39,7 фоиз), Жиззах (189 та — 34,9 фоиз), Самарқанд (374 та — 30,8 фоиз) вилоятлари кирган.

Нисбатан яхши натижалар Тошкент шаҳри (1 та — 0,3 фоиз), Бухоро (33 та — 6,2 фоиз), Хоразм (43 та — 8,2 фоиз) вилоятларида эканлиги маълум бўлган.

Хабарда айтилишича, йиғилишда яхши натижа кўрсатган таълим муассасалари директорлари рағбатлантирилиб борилиши, ёмон натижа кўрсатадиган мактаб раҳбарлари жазоланиши таъкидланган.