Энди республикадаги 61 та постда ҳар куни атмосфера ҳавоси сифати текширилади

Энди республикадаги 61 та постда ҳар куни атмосфера ҳавоси сифати текширилади

Ўзгидромет республикадаги 22 та шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган 61 та турғун постда атмосфера ҳавосининг сифати бўйича кунлик, майда дисперсли заррачалар бўйича эса ойлик кузатишлар олиб борилади. Бу Ҳукуматнинг 3 июндаги қарорида ўз аксини топган.

Ҳужжат билан шунингдек, 2021−2025 йилларда Ўзбекистонда атроф табиий муҳит мониторинги дастури ҳам тасдиқланган.

Унга кўра, сув ресурслари, атмосфера ҳавоси ва тупроқларни ифлослантирувчи манбалар мониторинги, атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари ҳамда ерларнинг ифлосланиши мониторинги амалга оширилади.

Қолаверса, кўллар экотизимлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари ҳамда атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиш мониторинги юритилади.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 1 декабрга қадар атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг Ягона геоахборот маълумотлар базасини тўлиқ шакллантиради.