Энди хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизмат ҳақи иш берувчидан ундирилади

Энди хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизмат ҳақи иш берувчидан ундирилади

«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун қабул қилинди (ЎРҚ–632, 13.08.2020 й.).

Киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақни иш қидираётган шахслардан эмас, балки иш берувчилардан ундириш белгиланди.

Қонунга кўра, юқоридаги хизматларни кўрсатувчи хусусий бандлик агентликлари БҲМнинг 8 500 баравари миқдоридаги (Марказий банкнинг 18 августдаги курси бўйича тақрибан 185 минг АҚШ доллари миқдорида) маблағни хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди (амалда бу миқдор 50 минг АҚШ долларини ташкил қилади).

Хусусий бандлик агентликлари ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати БҲМнинг бир бараваригача миқдорда (223 минг сўм) белгиланди (амалда шартнома асосида ёки бепул кўрсатилади).

Шунингдек, қонунда хусусий бандлик агентликларининг чет эллик иш берувчи, шериклар билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузиши ҳам зарурий шарт қилиб белгиланди.

Хусусий бандлик агентликларига улар томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномани “labor-migration” ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти юклатилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.