Финляндия қаторасига бешинчи бор дунёнинг энг бахтли мамлакати рўйхатини бошқармоқда, дейилади World Happiness Report эълон қилган ҳисобот маърузасида.
World Happiness Report ҳисоботи БМТнинг барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал этиш йўлларини қидириш муассасалари томонидан тайёрланиб боради. Унда дунёнинг 146 та мамлакати иштирок этади. Рейтинг тузилишида умр кўриш давомийлиги, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, коррупция ва бошқа кўрсаткичлар акс эттирилади.
Бахтли мамлакатлар рейтинги бўйича ҳисобот илк бор 2012 йилда эълон қилинган.
Энг бахтли мамлакатлар ўнлигига шунингдек, Дания, Исландия, Швейцария, Нидерландия, Люксембург, Швеция, Норвегия, Исроил ва Янги Зеландия киритилди. АҚШ мазкур рўйхатда 16, Буюк Британия 17, Франция 20-ўринларда бўлди.
Собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткичларни Литва ва Эстония қайд этди. Аҳолиси бахтли яшаши борасида ушбу мамлакатлар 34 ва 36-ўринга муносиб кўрилди, Қозоғистон 40, Латвия 42, Ўзбекистон 53, Молдова 62, Қирғизистон 64, Беларусь 65, Туркманистон 78, Россия 80, Арманистон 82, Тожикистон 83, Озарбайжон 92, Украина 98, Грузия 105-ўринларни эгаллади.
БМТ ҳисоб китобича, энг бахтсиз мамлакатлар рўйхатини Афғонистон ва Ливан бошқармоқда.