Энг кучли ва эгаси бўлиш исталмаган паспортлар

Энг кучли ва эгаси бўлиш исталмаган паспортлар

2020 йили дунёдаги энг кучли паспорт Япония паспорти экан. Кунчиқар мамлакат юртдошлари дунёдаги 191 давлатга визасиз боришлари ёки чет давлатга кираётиб, чегарада виза олишлари мумкин. Иккинчи ўриндаги Сингапур паспорти билан 190 давлатга ортиқча даҳмазасиз бора оласиз. 

Учинчи ўриндаги Жанубий Корея ва Олмония паспортлари ўз эгаларига 189 мамлакат эшикларини ланг очиб беради. 

Мен яшаётган Канада давлати паспорти билан 181 та чет давлатга визасиз бора оламан. 2019 йилдан бери она-юртим Ўзбекистон ҳам шулар жумласидан: илк ватанимда бир ой қолишимга рухсат берилади. Ундан олдин, мен 2018 йил сентябрда туғилиб-ўсган ўлкамга борганимда, Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасига бориб, 70 долларга 21 кунлик виза олгандим. 

Жанубдаги қўшнимиз — америкаликлар канадаликлардан тўртта кўпроқ мамлакатга "визани қаердан олсам экан?" деган савол бермай кетаверишади.

Собиқ шўролар давлатидаги Болтиқбўйи республикалари паспортлари ҳам анча кучли бўлиб, литваликлар 181, латвияликлар 180, эстонияликлар 179 давлатга бориш учун виза ғамига тушмайдилар.

2019 йили Оврўпа Бирлиги давлатларига визасиз бориш имконини қўлга киритган украиналиклар ҳам паспортлари билан фахрланишса арзийди — 129 давлат!

Ўрусияликлар — 117, туркиялик қардошларимиз 111 мамлакатга бемалол бориб-келишади. 

Энди ўзимизнинг Марказий Осиёликларга келсак. Қозоғистон паспорти минтақадаги энг кучли паспорт экан (75 давлат). Ундан кейинги сираларни Қирғизистон (63), Тожикистон (58), Туркманистон (53) эгаллади.

Дунёдаги энг кучсиз паспортлар Ўзбекистоннинг жанубидаги қўшнисига тегишли экан: афғонистонликлар атиги 26 давлатга виза ғамини чекмай саёҳат қила оладилар.

Ҳа, айтганча, Ўзбекистон паспорти эгалари 57 мамлакатга бемалол боришлари мумкин.

PS: Юқоридаги билгилар "Henley & Partners"нинг паспорт индексидан олинди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.