Эрдоған Путинга Сурия нефтини биргаликда назорат қилишни таклиф қилди

Эрдоған Путинга Сурия нефтини биргаликда назорат қилишни таклиф қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған россиялик ҳамкасби Владимир Путинга Суриянинг Дейр аз Зор шаҳридаги нефт захираларини биргаликда назорат қилишни таклиф қилди. Президент маҳаллий NTV телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

“Мен Путинга қуйидагиларни таклиф қилдим: вайрон қилинган Сурияни шу ердан олинадиган нефт ёрдамида оёққа турғизайлик. Туркия лойиҳани амалга ошириш ишларини олиб боради, Россия эса молиявий томонини”, — деди Эрдўған.

Унинг сўзларига кўра, агар томонлар келиша олса, у АҚШ президенти Доналд Трампга ҳам шунга ўхшаш таклиф билан чиқади. Вашингтонда ҳам, Москвада ҳам Сурия нефти учун режалар мавжуд. Иккинчиси, хусусан, Қамишли кони манфаатдор, деди у.

Путин таклифга “бўлиши мумкин” деб жавоб қайтарди дея таъкидлаб ўтди Эрдоған.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда у ҳудуддан террорчилар фойдаланмоқда ва улар фақатгина хомашёнинг ўзинигина ишлатмоқда.

“Агар у сотиб олинса ва қайта ишланса, бизда Сурияни қайта тиклаш имконияти пайдо бўлади”, — деди президент.

Ноябрда Анадолу турк агентлиги АҚШ Дейр аз Зордаги нефт кони яқинида иккита ҳарбий база қураётганини маълум қилган эди. Агентлик маълумотларига кўра, битта база АҚШ армиясининг 113-бригадаси жойлаштирилган ҳудудда, бошқаси Ас-Сур қишлоғида жойлашган ҳудудда қурила бошланди. У ерга 300 га яқин ҳарбий хизматчилар юборилди, улар қурилиш ва зирҳли транспорт воситалари, оғир қурол ва ўқ-дориларни топширдилар. Assosiated Press хабар берганидек, Трамп Дейр аз Зордан Ал-Хасакийгача курдлар назорати остидаги конларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ ҳарбий миссиясини тасдиқлади. Америка президенти таъкидлашича, Сурия нефтини назорат қилиш АҚШнинг асосий мақсади.

Дамашқ Вашингтонни Сурия нефтини ўғирлашда айблаб, халқаро судга мурожаат қилиш билан таҳдид қилди. Россия ҳам АҚШнинг қарорини қоралади. Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова таъкидлашича, америкаликлар санкцияларни четлаб ўтиб, ойига 30 миллион доллардан ортиқ миқдордаги нефт контрабандаси қилган. Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Вершинин шунингдек, Россия Сурия нефти масаласида АҚШ билан ишламаслигини айтди.