Эрдўған ва Путин Сурия бўйича бир тўхтамга келди

Эрдўған ва Путин Сурия бўйича бир тўхтамга келди

Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида давом этган музокара якунига етди.

Путин ва Эрдўған бугун Москвадаги Кремль саройида учрашдилар. 2 соат 40 дақиқа давом этган яккама-якка учрашувлардан кейин яна уч соат кенгайтирилган доирадаги учрашув бўлиб ўтди. Жами олти соатлик учрашувлардан кейин икки давлат раҳбарлари ОАВга баёнот бердилар.

Россия президенти музокаралар бошланишидан олдин бундай ҳолат такрорланмаслиги, томонлар Россия-Туркия муносабатларини қадрланиши, уларни бузилмаслиги учун вазиятни туркиялик ҳамкасби билан "муҳокама қилиш" зарурлигини таъкидлади.

Эрдўған сўзи аввалида Россияга таклиф этгани учун Владимир Путинга миннатдорлик билдириб, рус ва турк халқларининг тарихий илдизи чуқур эканига ишора қилди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 5 асрлик тарихга эга эканини қайд этиб, бу йил дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 100 йил тўлаётганини алоҳида таъкидлади.  

Баёнот чоғида Туркия раҳбари “Суриянинг Идлиб шаҳрида сулҳ бугун кечқурун, 00:01дан кучга киради”, деди. 

“Туркия Башар Асад тарафдорларининг ҳар қандай ҳужумларига жавобан кучли зарба бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейди Эрдўған. 

Шунингдек М4-М5 автомагистралларининг ишончли ҳолга келтирилиши, бу ҳудудда Туркия ва Россия бирликда қўшма патрул хизмати олиб борилиши музокаралар бандига киритилди.