Ерга астероид яқинлашмоқда

Ерга астероид яқинлашмоқда

Ерга астероид билан тўқнашув хавфи туғилди. Музлатгич катталигидаги астероид АҚШга президентлик сайловидан бир кун олдин Ерга қулаши мумкин, деб даъво қилмоқда америкалик астрофизик Нил Деграсс Тайсон.

"2018VP1 астероиди, музлатгич катталигидаги космик тош, биз томон соатига 25 минг милдан ошиқ тезликда (соатига тахминан 40 минг километр) ўтади. У 2 ноябр куни, президент сайловидан бир кун олдин Ерга тегиши мумкин", - деб ёзган олим ўз Instagram саҳифада.

Астероид зарар етказадиган даражада катта эмас, дейди Тайсон.

"Демак, агар дунёнинг охири 2020 йилда келса, унда оламнинг айби бўлмайди", - деди у.

Август ойида НАСА бўлинмаларидан бири 2018VP1 астероиди Ерга минимал масофада 2 ноябр куни Тошкент вақти билан соат 20:33 да яқинлашишини маълум қилди. НАСА маълумотларига кўра, астероид Ердан 384 минг километр узоқликда учади. Таъкидланганидек, астероиднинг Ер атмосферасига кириши эҳтимоли 240 дан бири ёки 0,41 фоизни ташкил қилади. Астероид 2018 йил 3 ноябрда топилган. У Аполлон гуруҳига, яъни парвоз йўллари Ер орбитасини кесиб ўтган астероидларга тегишли.