Швециянинг телекоммуникация ускуналари ишлаб чиқарувчи Ericsson компанияси харажатларни камайтириш дастури доирасида 1400 кишини ишдан бўшатиш режасини эълон қилди, деб хабар бермоқда Reuters компания баёнотига таяниб.
Ericsson 2022 йил декабрь ойида 2023 йил охиригача харажатларни деярли 1 миллиард долларга қисқартириш ниятида эканлигини маълум қилди. Агентлик манбаларига кўра, ушбу дастур доирасида компания яқин кунларда бутун дунё бўйлаб ишдан бўшатишнинг катта тўлқинини эълон қилади.
Шу билан бирга, охирги марта Ericsson ходимларини 2017 йилда оммавий равишда қисқартирган эди. Кейин корхонани зарардан олиб чиқиш мақсадида раҳбарият касаба уюшмалари билан келишган ҳолда бир неча минг кишини ишдан бўшатди.
Глобал иқтисодиётдаги таназзул ва пандемия оқибатлари фонида технология компаниялари ходимларни фаол равишда қисқартиришни бошладилар. Шундай қилиб, ОАВ Microsoft ва Amazon раҳбариятининг ҳар бири 10 минг кишини ишдан бўшатиш ниятида экани, Google’нинг бош компанияси – Alphabet эса 12 минг ходим билан шартномани бекор қилиши ҳақида хабар тарқатди. Шунга ўхшаш режалар Spotify, HP, Dell, eBay ва бошқалар томонидан ҳам эълон қилинган.
Tesla ва SpaceX асосчиси, миллиардер Илон Маск томонидан ижтимоий тармоқ сотиб олинганидан сўнг Twitter’нинг ишдан бўшатилиши энг шов-шувли ва рекорд даражадаги воқеалардан бири бўлди. Молиявий муаммолар ва рекламачиларнинг чиқиб кетиши фонида харажатларни кескин камайтиришга уриниб, компаниянинг янги раҳбарияти ходимларининг 80 фоизга яқинини ишдан бўшатди ёки кетишга мажбур қилган эди.