Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Эрон-АҚШ можаросидан Ўзбекистонга нима?
10.01.2020 17:48,  
6176

Охирги кунларда АҚШ-Эрон ўртасидаги тарангликдан юзага келган можаро ҳақида кетма-кет берилган мақолалардан кейин айримлар "Сенга нима? Мамлакатинг тинч бўлса, шукр қилиб юрмайсанми? Бошқа мавзу йўқми?" деган гапларни қилишмоқда.

Тўғри, менга нима? Жимгина мусаффо осмонимиздан кайф олиб юрсам бўлмайдими? Бўлади. Лекин ундан олдин айрим рақамлар билан бошингизни оғритайчи, кейин фикрлар ўзгарар.

Журналист мақоласининг энг қийини бу иқтисодий мақолалар. Чунки ҳаммаям ўқийвермайди. Рақамларни тушуниш қийин. Имкон қадар соддалаштираман. Осон тушуниш учун.

АҚШ Президенти Трамп Конгресcдан рухсат олмасдан ўзбошимчалик билан Эронда жанжални бошлаб қўйганининг Ўзбекистонга қандай аҳамияти бор?

Жанжалли ҳудуддан биров ўтишга ўйланиб қолади. Украинанинг самолётига ўхшаб 180 та одами билан қулаб тушса нима қиламиз?

Мисол учун Туркияни олайлик. Хабарингиз борми-йўқми, мамлакатимиз Туркия билан яхши муносабатларни йўлга қўйиб олди. Ҳозирда Туркия 2019 йилнинг дастлабки 4 ойида Хитой, Россия, Қозоғистон ва Жанубий Кореядан сўнг, Ўзбекистоннинг 5-йирик савдо-иқтисодий ҳамкорига айланди.

Ушбу даврда Ўзбекистоннинг Туркияга амалга оширган экспорти 347.1 млн доллар, Туркиядан Ўзбекистонга товар импорти эса, 383.5 млн долларни ташкил қилган. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йили 39.9 фоизга ошиб, 2 млрд 171.8 млн долларни ташкил қилган эди. Батафсил маълумот учун расмий Статистика қўмитамизга мурожаат қилишингиз мумкин.

Демак, Туркия билан алоқаларимиз яхшиланаётганда йўлдаги можаро туфайли ушбу алоқаларга жиддий таҳдид юзага келмоқда. Туркиядан келтириладиган маҳсулотлар ўз-ўзидан қимматлашиши бор гап.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республика ташқи савдо айланмасининг дунё давлатлари қаторига нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитойда (18,4%), Россия Федерациясида (14,5 %), Қозоғистонда (8,1 %), Корея Республикасида (6,5 %), Туркияда (5,7 %), Германияда (2,3 %) ва Қирғизистонда (2,0 %) қайд этилган. Бундан илк бештаси фаол балансда турибди.

Эронда арининг уясига чўп суқилгач, Туркия билан савдо ҳамкорлигимиз осонликча ҳал бўлмаслиги аниқ. Маълумотларга қараганда 90% товарлар Эрондан ўтади. Маршрут: Туркия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон.

Иккинчи маршрут ҳам бор: Малайзия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон. Ҳар икки маршрутда ҳам Эрон бор. Лекин Эрондаги нотинчлик туфайли Ўзбекистон истисоди жиддий зарар кўради. Сизу бизга зарба бериляпти дегани бу.

Cитиларни қуришни бошлагандик. Ташкент cити, мисол учун. Лекин қурилиш моллари ташқаридан келарди. Энди ёки келмайди, ёки келсаям қимматга келишни бошлайди.

Сурияда бой берган Трамп нефтни нархини ошириш учун ҳам бу жанжални келтириб чиқарди дейишимиз мумкин. Зарарни чиқариб олишим керак деб Ироққа додлаб ётганди. Нефт нархига таъсир қилгач, долларга таъсир қилиши турган гап. Мигрантлар юборадиган пулларда ўзгариш бўлишини қўйинг, ҳатто мамлакатимиз ичида ҳам доллар нархи кўтарилиб кетиши аниқ.

Гап фақат ишлаб чиқариш станоклари, материаллари, текстил соҳасидаги анжомлар ва ҳоказоларнинг кириб келишининг пасайиши ёки қимматлашида эмас, АҚШнинг бу ҳаракати ўз-ўзидан биздаги эндигина тета-поя қилаётган иқтисоднинг бир муддатга тўхтаб қолишига хизмат қилади. Чунки асосан Ҳиндистонга, Хитойнинг шарқий қисмига, Араб мамлакатларига, Дубайга, Жанубий-Шарқий Осиёга бўладиган экспортлар Бандар Аббас (Эрон) орқали кетади.

Ўртоқлар, биз глобаллашув давридамиз. Осиёда бўлаётган, айниқса, мамлакатимизга яқин ҳудудларда бўлаётган ҳар қандай оловли ҳаракатлар бизнинг зиёнимизга ишлайди. Биргина Эрон-АҚШ можаросининг бизга зарарини санаб ўтдик. Агар ҳалиям "сенга нима?" деётган бўлсангиз, унда ўзингиз биласиз.

Бошқа мавзу йўқми сенга деманг. Ичкаридаги муаммони шу ерда яшаб туриб кўриб келяпман ва 20 йилдан бери ёзиб турибман. Мен ёзмасам ҳам бошқалар ёзишяпти. Лекин ташқарида бирон можаро бўлса, дарров бизга нима демасдан сал кенгроқ фикрлаш керак. Эрондаги темирйўл коридори ёпилиб қоладию, деб ўйлаш керак. Транзитдан зарар кўрамиз деб ўйлаш керак.

Шунинг учун яқинимизда урушга сабаб бўлган ҳар кимсани ёмон кўришга мажбурман. Араб мамлакатлари араб малакатларида яшовчиларники. Ўзлари ҳал қилишади. Мен зўрман деб қаердандир пайдо бўлиб, портлатишнинг кераги йўқ. Ийя, бурнининг тагигача кеволсаям индамасинми? Биров уни чақирдими бу ерга? Борсин, ишини қилсин, бемалол ривожланайлик ахир.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан